Март ойида бошоқли дон экинларинии  парваришлаш бўйича тавсиялар

Бу йил қиш фаслининг илиқ келиши ва февраль ойида ёғингарчиликнинг кўп бўлиши ғалла майдонларида бегона ўт, турли хил касалликларни айниқса, занг касалликлари ҳамда ҳашаротларнинг кўпайиб, ривожланишига қулай шароит яратмоқда. Юқоридагилардан келиб чиқиб, кузги бошоқли дон экинларини ривожланиш фазаларига қараб март ойида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш талаб қилинади.
     1. Ғалла майсалари 1–2 барг фазасига кирганда фермер хўжалигининг раҳбар ва мутахассислари ҳамда соҳа мутахассислари ҳамкорлигида майдонларни хатловдан ўтказиш керак. Бунда 1 м2 да ўртача 400–450 туп ниҳол бўлса, ғалла майдонининг ҳолати яхши ҳисобланади, 1 м2 да 300–350 дона ниҳолларни бўлиши эса ғалла майдонлари қониқарли эканлигини кўрсатади. Агар 1 м2 да ниҳоллар сони 150–200 донани ташкил этса, бу келгусида ғалла майдонларида кўчат сонини сийрак бўлишига олиб келади. Бундай ҳолатларда имконият бўлса, товар дон учун экилган майдонларга дуварак навлар уруғини 80–100 кг/га ҳисобида қўшимча экиш лозим. Зарур бўлганда етишмайдиган ниҳоллар сонини қўшимча озиқлантириш ва маҳаллий ўғит солиб, суғориш ҳисобига ниҳолларни кучли туплашига шароит яратиш керак.
      2. Ниҳоллар 3–4 барг фазасига кирганда ғалла майдонларини суғориш учун суғориш тармоқлари сифатли тайёрланади, ариқлар яна бир бор кўздан кечирилиб, хандақлар турли ва маҳаллий ўғитлар билан тўлдирилиб, механик таркиби бўйича енгил тупроқли, қумоқ, тош-шағалли ерлар 550–650 м3 меъёрда шарбат усулида, енгил намлатиб суғорилади. Бу ниҳолларнинг туплашини тезлаштириб, ўсимликни яхши ривожланиши учун қулай шароит яратади.
     Фосфорли ўғитлар етарли даражада берилмасдан уруғ экиб юборилган майдонларга, вегетация даврида талаб этиладиган фосфорли ўғитлар ўрнини қоплаш мақсадида, 1 гектар майдон ҳисобига камида 10 тоннадан маҳаллий ўғит чиқариб, биринчи ва иккинчи сувни шарбат усулида амалга ошириш зарур. Шу кунларда чириган гўнг ва чириндиларни элаб, гектарига 10–15 тонна сочилиши 1 марталик маъдан ўғити билан озиқлантириш (40–50 кг) ўрнини босади ҳамда ғалла ниҳолларини эрта баҳорги совуқлардан сақлайди, тупроқда намликнинг яхши сақланишини таъминлайди.
      3. Туплаш фазасида маҳсулдор поялар, бошоқлар ва ҳар бир бошоқдаги донлар шаклланади. Уларнинг кўп бўлиши агротехнологик тадбирларни сифатли бажарилишига, яъни озуқани, намликни етарли бўлишига боғлиқ. Бу даврда тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олиб, гектарига 600–700 м3 меъёрда сув тараш талаб қилинади. Туплаш фазаси об-ҳаво ва ҳароратга қараб давом этади. Республикамизнинг асосий ҳудудларида ғалланинг тупланиши март ойи охиригача давом этади. Туплаш даврида ғалла майдонларига биринчи марта суспензия билан ишлов берилиши яхши самара беради.
    4. Шу даврда занг касаллигининг дастлабки ўчоқлари пайдо бўлиб, бегона ўтлар ривожлана бошлайди. Шунинг учун дала кузатув ишларини кучайтириш лозим. Эрта экилган ёки ғалла ўрнига 2-йили яна ғалла экилган майдонлар айниқса, эртаки навлар экилган майдонларда занг касаллиги аломати ва бегона ўтлар пайдо бўла бошлаган бўлса, уларнинг ҳолатига қараб, қарши кураш чораларини кўриш зарур. Занг касаллиги билан экиннинг оммавий зарарланишини кутиб ўтирмасдан зудлик билан профилактик қарши кураш чоралари кўрилиши мақсадга мувофиқдир.
    5. Буғдой найчалаш фазасида ўсимликнинг эрта баҳорги ҳолатига нисбатан фарқи шундан иборатки, бу фазада ўсимликни вегетатив органлари, энг асосийси поялар сони кўпайган бўлади. Шу сабабли буғдой найчалаш фазасида азотли ўғитларнинг йиллик меъёрининг 40 фоизи, яъни физик ҳолда 300–320 кг/га миқдорида берилади. Бу даврда ўсимликларни намлик ва озиқа моддалар билан таъминланиши муҳим ўрин тутади. Чунки бу фазада ўсимликларда най ичида бошоқ шаклланади. 25–30 кунни ташкил этадиган найчалаш фазасида буғдой ўсимлиги бутун ўсув даврида қуруқ модданинг 50–60 фоизини тўплайди. Намлик ва озиқа моддаларнинг етишмаслиги ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатади.
    6. Эрта баҳорда буғдой майсалари ривожланиши суст бўлган майдонларга 2 марта минерал ўғитлар суспензияси сепилиши, ўсимликларнинг ривожланиш жараёнини тезлаштиради. Бунда ҳар бир гектар майдонга 25 кг карбомид минерал ўғити 600 литр сувда эритилади ва махсус пуркагичлар ёрдамида кузги буғдой пайкалларига сепилади. Илдиздан ташқари баргдан озиқлантирилганлиги сабабли ўсимлик барг сатҳи қалинлашади, унинг касаллик ва зараркунандаларга чидамлилиги ортади. Суспензия сепишда, буғдой майсалари ер устки қисмини тўла қоплаганлигига алоҳида эътибор бериш зарур. Чунки ўсимлик суспензияни барги орқали ўзлаштиради. Буғдой майсалари ер устки қисмини барг сатҳи билан қопламаган майдонларда сепилган суспензиянинг асосий қисми ер устки қатламига тушади, натижада сепилган суспензия самарадорлиги пасаяди. Озиқлантирилган майдонларни зудлик билан гектарига 600–650 м3 меъёрда суғориш зарур. Суғориш жараёнида қўшимча озиқлантириш мақсадида жамғарилган маҳаллий ўғитларнинг 30–40 фоизи шарбат усулида оқизилиши мақсадга мувофиқ.
    7. Март ойининг бошларида дала кузатувчи агрономларнинг хулосаларига кўра, касаллик, зараркунанда ҳашаротлар ва бегона ўтлардан кучли зарарланадиган майдонлар аниқлаб чиқилишига алоҳида эътибор бериш керак.

 

Бегона ўтларга қарши кураш олдидан ғалла майдонларидаги турлари ва ҳолати аниқланиши керак. Бир йиллик бегона ўтлар билан ифлосланиш даражаси: 1 м2 даги бегона ўтлар сони 10 дан кам бўлса – кучсиз ифлосланган; Бегона ўтлар сони 10–50 тагача ўртача ва 50 тадан ортиқ бўлса, бегона ўтлар билан ифлосланиш даражаси – кучли деб ҳисобланади. Кўп йиллик бегона ўтлар босган майдонларда эса: 1 м2 майдондаги кўп йиллик бегона ўтлар сони 1 тагача – кучсиз; 1–5 тагача ўртача ва 5 тадан ортиқча бўлса – кучли ўт босган деб топилади. Ҳар бир бегона ўтнинг турига қараб, гербицидларни қўллаш зарур. Шунингдек, бегона ўтлар билан зарарланиш даражасини аниқлаб уларнинг мақбул меъёрларини тўғри белгилаш муҳим тадбирҳисобланади.
    Ғаллазорларда озиқлантириш ва суғориш ишлари ниҳоясига етгандан сўнг, табиийки, ғалла билан биргаликда бир ва кўп йиллик бегона ўтлар (жағ-жағ, эшакшўра, олабўта, қўйпечак, итузум, мингдевона, қамиш, семизўт, какра, қўйтикан, ёввоий сули, райграс, тулкидум ва бошқалар)нинг ривожланиши жадаллашади. Бунда ғаллазорлардаги бегона ўтлар тури ва сонига қараб гектарига «Топик» (0,3–0,4 л), «Атлантис» (0,2–0,3 л), 25 фоизли «Арсенал» (2–2,5 л), 75 фоизли «Гранстар» (10–20 г), 75 фоизли «Сертоплюс» (0,1–0,15 л), 75 фоизли «Биостар» (10–20 г), 75 фоизли «Далстар» (10–20 г) каби гербицидлар захирасини яратиш зарур.
    8. Сўнгги йилларда минтақамиз об-ҳавосида бўлаётган ўзгаришлар туфайли, айрим ҳудудлар ғалла майдонларига сариқ ва қўнғир занг касаллиги сезиларли даражада зарар келтирмоқда. Сариқ занг касаллиги тарқалган ғалла майдонларида дон ҳосилдорлиги 45–55 фоизга йўқотилади. Бунинг олдини олиш ва қарши кураш чоралари: кузги буғдойда учрайдиган замбуруғли касалликларга қарши чидамли навларни экиш, экиш меъёрлари ва муддатларини тўғри белгилаш; замбуруғли касалликлар кучли тарқалиш хавфи сезилганда кимёвий препаратлардан гектарига 22,5 фоизли «Дублет ТТ» (0,3–0,5 л), 26 фоизли «Титул ДУО» (260 г), «Колосаль» эм.к (0,3-0,5 л), 12,5 фоизли «Консул» сус.к. (0,75 л), «Рекс ДУО» (0,4–0,6 л) препаратлари билан 200–300 литр ишчи эритма ҳисобида ишлов берилади.
   Қарши кураш чоралари минтақанинг тупроқ-иқлим шароити, ғалланинг ривожланиш фазаларига қараб 5–10 кун олдин ёки кейин ўтказилиши мумкин. Шунингдек, илгари йўл қўйилган камчиликлар қайтарилмаслиги учун ўсимликларга сепиш қўшимча 20–25 фоиз миқдорда гербицид ва фунгицидлар захирасини яратиш лозим. Ғалла парваришида ғаллакор ва мутахассислар ҳамкорлиги ниҳоятда муҳимдир. Бу ўз навбатда ҳар бир майдоннинг доимий назоратини ташкил этиш, ғалла майсалари ҳолатини ўрганиб, амалий ёрдам берувчи гуруҳлар тузиш зарур.