Май ойида бошоқли дон экинларини парваришлаш ва ўрим-йиғимни сифатли

ўтказиш бўйича тавсиялар

Бу йилги об-ҳавонинг мураккаб келаётганлиги ғалла парваришига, айниқса, ҳосил тақдири ҳал бўладиган май ойида ўта масъулият билан ёндашишни тақозо этади.

Бу борада қўлланилаётган агротехник тадбирлар мутахассислар билан келишилган ҳолда уларнинг тавсияларига асосан қатъий график асосида олиб борилиши лозим.

Fалланинг навлари, экилган муддатлари, ривожланиш фазаларига қараб ишлов бериш графиги ва муддатлари аниқ белгиланиши даркор.

Бугун асосий эътибор кечикиб экилиб, ғалла ривожи тикланаётган майдонлардаги экинга қаратилмоғи керак.

Бунинг учун бу майдонларда қуйидаги агротехник тадбирлар ўтказилиши лозим:

- 5 кун муддатда кечикиб экилган ғаллага 100–150: физик ҳолдаги азотли ўғит бериш ва гектарига 10 тоннадан маҳаллий ўғит билан шарбат оқизиш;

- об-ҳаво шароитига қараб, ғаллазорларда намликни чекланган дала нам сиғимига нисбатан (ЧДНС) 70–75 фоизда бўлишини таъминлаш;

- ўсимликларни баргдан озиқлантириш мақсадида гектарига 10–12 кг. дан карбамид эритмасининг суспензиясини ҳамда биоўғитлар сепиш;

- касалликларга қарши ишлов беришни назоратга олиб график асосида ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Кейинги кунларда об-ҳавонинг ўзгариши, ёғингарчиликни кўпайиши натижасида ғалла майдонларидаги буғдой майсаларининг остида намликни юқори бўлиши ва ҳаво ҳароратининг узоқ муддатда, яъни март-апрель ойидан буён 15–23оС бўлиши сариқ занг касаллигини ривожланиши учун энг қулай шароит яратилмоқда. Бундай ҳолат ғалла ривожи учун ўта хавфли ва фавқулодда ҳолат ҳисобланиб, касаллик оқибатида ҳосил 50–70 фоизга камайиб кетиши мумкин. Шунинг учун ғаллазорларда қатъий ишлов графиги тузилиши шарт.

Fалла касалликларига қарши албатта штангали пуркагичлар билан ишлов бериш, бунинг имконияти бўлмаганда ОВХ мосламалари сепиш қурилмаларини ўткир бурчакда пасайтириб ғалла баргларининг тагигача тўлиқ ювилишини таъминлаш. Чунки, ишлатилаётган фунгицид препарати (контакт) ўсимлик баргидаги ёки танасидаги сариқ занг спораларини ювгандагина споралар ҳалок бўлади.

График эса қуйидагича бўлиши даркор:

а) биринчи куни қайси контур ёки майдонда касалликка қарши ишлов берилган бўлса, кейинги ишловни ҳам касаллик тушиш даражасига қараб, худди шу майдонда 10–12 кундан кейин қайта ишлов ўтказилиши лозим. Агар ушбу графикка асосан иш ташкил этилмай, бошқа далаларга ўтиб кетилса, бунда ҳеч қандай самарага эришилмайди;

б) сариқ занг касаллигига қарши курашишдан аввал касалланиш даражасини аниқлаш лозим. Биринчи навбатда сариқ занг энг кўп тарқалган майдонлардан бошланиши ҳамда шу майдонларга белгиланган меъёрдан фунгицидни 20–30 мл меъёрда ортиқча қўшилиши зарур бўлади;

в) намгарчиликнинг юқори бўлиши натижасида сариқ ва қўнғир занг касалликлари хавфли кўпайишини инобатга олиб 1 майдан 15 майга қадар 15 кун муддатга ҳар 300 гектар ғалла майдонига 1 тадан махсус отряд ташкил этиб, уларга 1–2 нафар мутахассис кузатувчиларни бириктириш. Отряд бошлиғига кунлик қатъий мониторинг юритиш ва касаллик аломатлари аниқланган майдонларга зудлик билан ишлов беришни ташкил этиш, отрядларга камида 3 та штангали ёки ОВХ пуркагичларни бириктириш керак.

Fалла касалликларидан асосан сариқ занг, қўнғир занг ва бошқа замбуруғли касалликларга республикамизда рухсат этилган фунгицидлар қўлланиши керак. Рухсат этилган, касалликларга яхши таъсир этадиган қуйидаги фунгицидлар – 22,5 фоизли Энтоликур эм.к. 0,3–0,5 л/га, 33 фоизли Алто супер эм.к. 0,3 л/га, 22,5 фоизли Дуплет ТТ эм.к. 0,3–0,5 л/га, Титул ДУО к.э.к. 0,2 л/га меъёрда ишлатилса мақсадга мувофиқ.

Fалла ҳосилига жиддий зарар келтирувчи зараркунанда ва ҳашаротлар ҳам бундай ноқулай шароитда кўпайиши эҳтимоли юқори бўлмоқда.

Зараркунанда ва ҳашаротларга ҳам худди касалликларга сингари уларнинг кўпайиш ҳолатига қараб ишлов ўтказилиши лозим. Fаллазорларда асосан зарар етказадиган зарарли хасва, шиллиққурт, поя арракаши, ғалла трипси, ғалла гулли шираси каби зараркунанда ҳашаротларга қарши курашда қуйидаги инсектицидлар яхши самара беради: 5 фоизли Далатэ эм.к. 0,15–0,2 л/га, 20 фоизли Багира с.эм.к., Суми альфа эм.к. 0,07–0,1 л/га, 10 фоизли Атилла супер эм.к. 0,07–0,1 л/га.

Ғаллани пайхон қилмаслик учун уйғунлашган ҳолда фунгицид ва инцектицидларни қўшиб ишлатиш мақсадга мувофиқдир.

Юқоридаги ишларни ташкил этишда, албатта, соҳа мутахассисларини жалб этиш лозим.

Fалла ўрим-йиғимига тайёргарлик ва уни ўтказиш

Ўрим-йиғим мобайнида дон тўкилиб нобуд бўлишининг олдини олиш муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади.

Нобудгарчиликнинг асосий сабаблари:

ўрим-йиғимнинг ташкилий шароитлари: ўрим-йиғимнинг вақтида бошланмаслиги ва чўзиб юборилиши, далаларни бўлакларга нотўғри тақсимланиши;

агротехник сабаблар: ғалла парваришлашда агротехник талабларнинг бузилиши, даланинг нотекислиги, кучли бегона ўт босганлиги, ўсимликларнинг ётиб қолиши ва бошқалар;

техник сабаблар: ўрим комбайнларининг ишчи қисмлари талаб даражасида соз ҳолга келтирилмаганлиги, техника ишга тайёрланмаганлиги;

технологик сабаблар: ўрим-йиғимни узлуксиз давом эттирилмаслиги, ишни нотўғри ташкил қилиниши натижасида комбайнларнинг кўпроқ тўхтаб қолиши;

биологик сабаблар: ғалла тупларининг ётиб қолиши, доннинг паст сочилувчанлик хусусиятига эгалиги, қийин янчилиши ўрим-йиғим графигининг ғалла навлари пишиш даври (эртапишар, ўртапишар, кечпишарлигини) ҳисобга олмасдан тузилиши;

ўрим-йиғим даврида табиий офатлар: жала, ёмғир, дўл, қаттиқ шамол таъсирида ётиб қолиши, донни зараркунандалар, кемирувчилар ва қушлар ейиши;

комбайнчининг касб маҳоратининг пастлиги, тажрибасизлиги сабабли нобудгарчиликка йўл қўйилиши.

Бундай сабаблар доннинг нобуд бўлишига турлича таъсир қилади. Шунинг учун ўрим-йиғим бошланишидан олдин, бу сабаблар чуқур ўрганилиб, қуйидаги чора-тадбирларга аҳамият берилса, ҳосил нобудгарчиликсиз йиғиштириб олинади:

1. Fалла пишгандан сўнг бегона ўтлар (қамиш, қора шўра, қўйтикан ва бошқа) босадиган майдонларни аниқлаш.

2. Ўримни биринчи навбатда бегона ўтлар босадиган ғалла майдонларидан бошлаш.

3. Кузги буғдой навларининг эрта, ўрта ва ўрта кечпишарлигига ҳамда уруғларни экилган муддатларига қараб, ўрим-йиғимни ташкил қилиш.

Республикамизда доннинг пишиб етилиши йилнинг энг иссиқ муддатларига тўғри келади. Буғдой пишгандан кейин қисқа вақт давомида йиғиштириб олинмаса, унинг бошоқларидаги дон ўз-ўзидан тўкила бошлайди.

Кузатишлар шуни кўрсатадики, буғдой пишиб етилгандан кейин бир ҳафта ичида йиғиштириб олинмаса, бошоқдаги доннинг ўзидан-ўзи тўкилиши кунига 1–1,2 фоиздан ошиб бораверади. Тўлиқ пишиб етилган ғаллани ўриб-йиғиб олишда бир ҳафта ичида нобудгарчилик 7–9 фоиз бўлса, иккинчи ҳафтасидан бошлаб 12–15 фоизга ошади.

Демак, пишиб етилаётган ғалла майдонлари бешюзбошилар томонидан доимий кузатувга олиниб, қайси далада ўрим ишлари биринчи бошланиши ва кейин комбайн қайси далага ўтиши лозимлиги аниқ кўрсатилиши керак.

Ўрим бошлашга 2–3 кун қолганда комбайн жаткасининг қирқиш аппаратига тушиш қийин бўлган, дала четларида жойлашган ҳосил қўлда ўрилиб, тик турган пояларга суяб кетилади, даладаги бегона ўтлар йўқотилади. Шундан кейин дала боши, ўртаси ва охиридан ўтган ўқариқлар текисланади, далага кирадиган йўллар тайёрланади.

Даладаги ҳосилнинг 90–95 фоизи тўлиқ пишиб етилганда ва доннинг намлиги 18–20 фоиз бўлгандан сўнг комбайнлар ёрдамида тўғридан-тўғри йиғиштириб олишга киришилади.

Фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалик корхоналари ғалла ўримидан камида 10 кун аввал йўл, кўприк, тарози хўжалиги, хирмон, дала шийпонларини тайёрлаш, дон ташиш транспорт воситаларини тахт қилиб қўйиш керак.

Fалла ўриш комбайнлари, дон тозалагич машиналари ва бошқа техника воситаларини ёнилғи-мойлаш материаллари билан таъминлайдиган техникалар тайёр туриши шарт.

Ўрим техникасини тайёрлаш вақтида барча машиналар таъмири ва уларни тайёрлаш сифати жиддий назорат қилинади. Бунда ўриш-янчиш ва тозалаш қисмлари носоз, салник ва бириктириладиган жойлардан мой ёки ёнилғи оқадиган комбайн ва машина-механизмларни мутлақо ишга қўймаслик зарур.

Fалла ўримига камида 10 кун қолгунга қадар ғалла комбайнларининг механик-ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта ўқитиш ва уларга комбайн ҳамда пайкалларни бириктириб бериш ишлари тугалланиши керак. Fалла ўрими бошлангунга қадар мутахассисларни жалб қилган ҳолда механик-ҳайдовчилар учун комбайнлардан самарали ва унумли фойдаланиш, ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш бўйича кўрик-семинар ўтказиш лозим.

Юқорида келтирилган шартлар бажарилмаган жойларда дон комбайнларининг иш унуми 15–20 фоизга камайиб кетади ва уларнинг ишдан тез чиқиш ҳолатлари кузатилади, дон нобудгарчилиги ортади, баъзи ҳолларда бункердаги дон ифлосланиб, сифати пасайишига олиб келади.

Уруғлик учун ажратилган ғалла майдонлари вилоят Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси томонидан белгиланган махсус уруғлик майдонлари дала кўригидан (апробациядан) ўтказиладиган комиссияси тузилади. Ушбу комиссия аъзолари экилган навларни қайси авлодга мансублигини аниқлаб, апробация далолатномаси (193, 197 ва 200 шакл) тузади. Дала кўригидан ўтмаган, апробация далолатномаси тузилмаган майдонлардаги ғалла уруғлик учун нолойиқ, деб ҳисобланади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, ғалла парваришидаги агротехник чора-тадбирлар амалга оширилиши юқори ва сифатли ҳосил гарови ҳисобланади.