Лалмикор майдонларда кузги ғалла экиш

 

Вилоятимизда дон етиштиришни янада кўпайтиришнинг муҳим омилларидан бири лалмикор ғалла етиштириш ҳисобланади. Лалмикор ерларда табиий намликдан тежамли фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишда ғалла-тоза шудгор ёки ғалла-банд шудгор (нўхат, кунжут, полиз экинлари) алмашлаб экиш тизимини кенг жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. 
  Вилоятимиздаги барча лалмикор майдонларни денгиз сатҳидан жойлашган баландлиги, тупроқ ва об-ҳаво шароитларига кўра 4 минтақага бўлиш мумкин. Текислик лалмикор минтақа ёғин-сочин билан кам таъминланган бўлиб, йиллик ёғинлар миқдори 250–300 мм. ни ташкил этади. Бундай минтақаларда асосан арпа етиштириш мақсадга мувофиқдир. Ёғингарчилик билан ярим таъминланган қир-адирлик минтақаларда йиллик ёғинлар миқдори 300–350 мм. ни ташкил этади. Ушбу минтақада агротехник қоидаларга қатъий риоя этган ҳолда деҳқончилик юритилганда барча турдаги лалмикор экинлардан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш мумкин. Тоғолди минтақа ёғин-сочин билан таъминланган бўлиб, йиллик ёғинлар миқдори 400–450 мм. ни ташкил этади. Бундай ҳудудлар лалмикор деҳқончилик учун қулай ҳисобланади. Тоғли минтақада йиллик ёғинлар миқдори 450–500 мм ва ундан кўпроқни ташкил этиб, бундай майдонларда ғалла-банд шудгор ва беда навбатлаб экиш тизимини жорий этиш тупроқдаги табиий намлик ҳамда унинг унумдорлигидан самарали фойдаланишни таъминлайди. 
    Ерни экишга тайёрлаш ва шудгорлаш. Барча лалмикор минтақаларда тупроққа ишлов бериш муҳим ва ҳал қитувчи агротехнологик тадбирлардан бири ҳисобланади. Тупроқнинг кимёвий, сув-физик ва микробиологик хусусиятлари бевосита тупроққа ишлов бериш муддати, чуқурлиги, усули ҳамда сифатига боғлиқ. Лалмикор ерларда тупроқда намликни кўпроқ тўплаш ва вегетация даври давомида ундан самарали ва тежамли фойдаланишда тупроққа ишлов беришнинг мақбул тизимини қўллаш муҳим аҳамиятга эга. Бунда ерни 20–22 см чуқурликда ҳайдаш тавсия этилади. Бундан саёз ҳайдалаганда тупроқда етарли намлик тўпланмайди, илдиз тизими пастга чуқур кетмайди ёки чуқурроқ ҳайдалганда эса тупроқнинг унумдор қатлами пастга тушиши оқибатида ҳосилдорлик пасаяди. 
   Плуглар ўткир лемехлар билан таъминланган, улар орқасига катоклар ёки тишли бороналар тиркалган бўлиши зарур. Лалмикор ерларда тупроққа ишлов бериш тизимини тўғри олиб бориш ўсимликни бутун вегетация давомида намлик, озиқа моддалар билан етарли даражада таъминлаш, тупроқнинг сув-физик хусусиятларини яхшилашда катта аҳамиятга эга. Шу билан бирга, тупроққа турли усул ва чуқурликда ишлов бериш орқали уни сув ва шамол эрозияси, бегона ўтлар, касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш мумкин. 
    Тадқиқотларда аниқланишича, ғалладан бўшаган ерларни пешма-пеш ҳайдаш кузда экишдан олдин тупроққа ишлов беришни анча осонлаштиради, ишчи кучи, эҳтиёт қисмлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотларидан тежамли фойдаланиш ҳамда кузги экишни қулай муддатларда сифатли ўтказиш имконини беради. 
     Экиш муддати ва меъёри. Кўп йиллик тажрибалардан маълумки, кузги бошоқли дон экинлари уруғини лалмикор ерларнинг тупроқ-иқлим шароити, навларнинг биологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда табақалаштириб экиш мақсадга мувофиқ. Бу кузги ғалла уруғининг қисқа муддатларда тўлиқ униб чиқиши, қишнинг совуқ кунларига қолмасдан тўлиқ туплаши ва ҳосилнинг эртароқ пишиб етилишини таъминлайди. Лалмикор ерларнинг текислик минтақасида кузги ғаллани экишнинг мақбул муддати ҳудуднинг об-ҳаво шароитлари, хусусан, ёғингарчилик миқдорига қараб октябрнинг 2–3-ўн кунлигига тўғри келади. Бу минтақада экиш меъёри гектарига 115–120 кг бўлиши керак. Ёғин-сочин билан ярим таъминланган қир-адирлик минтақада эса бу муддат октябрнинг 2-ўн кунлигига тўғри келади. Бунда экиш меъёри гектарига 130–140 кг. ни ташкил этиши лозим. Тоғолди ва тоғли лалмикор минтақаларда бошоқли дон экинлари уруғини экишнинг мақбул муддатлари октябрнинг биринчи ярмига тўғри келади. Бунда гектарига 150–160 кг меъёрда уруғ сарфланиши тавсия этилади. 
    Уруғлар СЗС-3,6 русумли сеялкада 4–5 см чуқурликка экилади. Бунда сеялкаларнинг созлигига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Республикамизнинг барча лалмикор минтақаларида кузги бошоқли дон экинлари ҳосилдорлигини оширишда муҳим омиллардан бири навларни тўғри танлаш ва жойлаштириш ҳамда уларнинг уруғчилигини илмий асосда ташкил этишдир. Бугунги кунда аксарият фермер хўжаликларида муайян об-ҳаво шароитларига мос келмайдиган навларни экиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундан ташқари уруғни кондицияга етказиб тозалашга ҳамда экиш олдидан кимёвий препаратлар билан дорилашга етарли даражада эътибор берилмаяпти. 
  Табиийки, ғалла экинлари навларининг нотўғри танланиши ва жойлаштирилиши, сифатсиз уруғ экилиши ҳосилдорликнинг 30–40 ва ундан кўпроқ фоизга камайишига олиб келади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, лалмикор ерларнинг қуйи минтақаларида экиш учун иқлимлаштирилган ҳамда Давлат реестрига киритилган юмшоқ буғдойнинг «Тезпишар», «Зумрад», «Красноводопад–210», қаттиқ буғдойнинг «Леукурум–3», «Марварид», «Жавоҳир», арпанинг «Унумли арпа», «Нутанс–799», «Лалмикор», «Саврук» каби серҳосил ва ташқи муҳитнинг ноқулай омилларига чидамли навларини экиш тавсия этилади. Тоғолди ва тоғли минтақаларда эса буғдойнинг «Оқ буғдой», «Грекум–40», «Сурхак–5688», арпанинг «Унумли арпа» ва «Нутанс–799» каби навларини экиш мақсадга мувофиқ. 
  Fалла экинларини озиқлантириш. Лалмикор майдонларда бошоқли дон экинларини уларнинг биологик хусусиятлари, тупроқ унумдорлиги ва об-ҳаво шароитларини инобатга олган ҳолда озиқлантириш ҳар гектардан қўшимча 3–5 центнер ва ундан ҳам кўпроқ ҳосил етиштиришни таъминлайди. Фосфорли ўғитларни қўллашнинг мақбул йиллик меъёри ёғин-сочин билан ярим таъминланган ҳудудларда физик ҳолда гектарига 60 кг/га аммофос ёки 120 кг суперфос, тоғолди ва тоғли минтақаларда бу меъёр тегишлича 75 ва 150, азотли ўғитлар меъёри эса 50 кг (карбамид) ёки аммиакли селитра ҳолида 100 кг. ни ташкил этиши лозим. Бундан ташқари ёғингарчилик кам бўлган йиллари ғалла майдонларини суспензия билан озиқлантириш ҳам ҳосилдорликнинг сезиларли ошишига олиб келади. 
   Таъкидлаш лозимки, ёғин-сочин кам кузатиладиган текислик лалмикор минтақаларда аксарият йилларда минерал ўғитлар билан озиқлантириш кутилган натижани бермайди. Фақат об-ҳаво серёғин келган (300–350 мм) йиллардагина экинларни таъсир этувчи модда ҳисобида гектарига 60 кг аммофос ёки 120 кг суперфос, азотли ўғитлар эса 60–90 кг (карбамид ёки аммиакли селитра) меъёрда қўллаш мақсадга мувофиқ.ч Лалмикор майдонларда деҳқончилик қилаётган фермер хўжаликларида лалмикор майдонларда кузги ғалла етиштиришда тупроқ ва об-ҳаво шароитларини ҳисобга олган ҳолда юқоридаги тавсияларга тўлиқ риоя қилинса, келгуси йилда мўл ва сифатли ҳосил етиштиришга пухта замин яратади.