Лалмикор майдонлар экинлари агротехнологияси бўйича тавсия

Вилоятимизнинг  лалмикор майдонларида тупроқ-иқлим шароитлардан келиб чиқиб илмий асосланган мақбул тизим асосида деҳқончилик юритиш лозим. Шунда деҳқонларимиз кўзланган ҳосилни олишга эришадилар. Сўнгги ўн йилликлар мобайнида республиканинг лалмикор майдонларида иқлимнинг глобал исиши натижасида кузги бошоқли дон экинларини экиш даврида (октябрь) тупроқ намлигининг кескин камайиб кетиши кузатилмоқда. Бундай шароитда ерни сифатли шудгор қилишнинг умуман иложи бўлмайди. Шу сабабли, аксарият кўпчилик йилларда кузги бошоқли дон экинларини эрта баҳорда экишга тўғри келмоқда.

Баҳорги ғалла экинлари. Лалмикор майдонларда баҳорда экилган бошоқли дон экинларидан юқори ва сифатли ҳосил етиштиришнинг асосий шартларидан бири тупроқда намликни кўпроқ тўплаш, сақлаш ва ундан самарали фойдаланишни таъминлайдиган агротехнологияларни қўллаш муҳим аҳамият касб этади.

Ёғингарчилик билан кам таъминланган текис лалмикор майдонларда бошоқли дон экинлари уруғини экишнинг мақбул муддати февралнинг охири, март ойининг дастлабки ўн кунлиги ҳисобланади. Бу минтақада экиш олдидан шудгорни икки йўналишда тишли оғир бороналар билан тупроқ юзасига ишлов бериш лозим.

Шуни таъкидлаш лозимки, ёғингарчилик билан кам таъминланган бу минтақада органик ва маъданли ўғитлар қўллаш тавсия этилмайди.

Олиб борилган тажриба ва кузатишлардан маълум бўлишича, текис майдонларда ёғингарчилик миқдори 280–300 мм. ни, тупроқнинг намланиш чуқурлиги эса 1 м. ни ташкил этган, баъзи йилларда баҳорги буғдойни 20–30 кг/га (соф таъсир этувчи модда ҳисобида) азотли ўғитлар билан озиқлантириш мумкин. Бу минтақада баҳорги буғдой ва арпа уруғини экиш меъёри гектарига 2,5–3,0 млн донани ёки 100–110 кг/га. ни ташкил этиши лозим. Буғдой ва арпанинг баҳорги ёки дуварак (икки фаслли) навлари экилиши мақсадга мувофиқ.

Республикадаги жами лалмикор майдонларнинг 60 фоиздан кўпроғини ташкил этадиган, ёғингарчилик билан ярим таъминланган (340–360 мм) текис қир-адирлик минтақасида ҳам бошоқли дон экинларини эрта баҳорда экиш учун текислик минтақадаги каби куз ва қишнинг очиқ кунларида тупроқ 20–22 см чуқурликда ағдариб ҳайдалади. Экиш олдидан дискали ёки тишли оғир бороналар (ЛДГ-10, БЗТХ-1,0) ёрдамида ҳар икки йўналишда ишлов берилади. Бу минтақада 30–40 кг/га ҳисобида фосфорли ва калийли ўғитларни экиш олдидан ёки экиш билан бирга, шунча миқдордаги азотли ўғитлар билан ўсимликнинг туплаш босқичида озиқлантириш ҳосилдорликни ўртача 3–5 ц/га ошишини таъкинлайди.

Тоғ олди ва тоғли минтақаларда баҳорги буғдойнинг “Бахмал–97”, “Грекум–40” навларини экишнинг қулай муддати март ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликлари ҳисобланади. Бу муддатларда экишнинг мақбул меъёри гектарига 4–4,5 млн. донани (140–160 кг/га) ташкил этиши лозим. Экиладиган буғдой навларининг 1000 дона дон вазни 38–40 г. дан кам бўлмаслиги, тозалиги ва унувчанлиги эса I ва II синф талабларига тўлиқ мос келиши лозим.

Баҳор ойларининг серёғин келиши, ҳаво намлигининг юқори бўлиши кузда ва баҳорда экилган буғдойнинг занг ва бошқа касалликлар билан кучли даражада зарарланиши нафақат суғориладиган, балки лалмикор майдонларда ҳам кузатилмоқда. Шуни эътиборга олиб асосий эътиборни уруғ экишдан камида 2–3 ҳафта олдин юқори самарадорликка эга бўлган ҳамда кафолатланган фунгицидлар билан яхшилаб дориланиши зарур.

Дуккакли дон экинлари. Лалмикор майдонларда ғалла–шудгор алмашлаб экиш схемаларида эрта баҳорда банд шудгорга экиладиган, тупроқда азот тўплаш хусусиятига эга бўлган дуккакли экинлардан бири нўхат ўсимлиги ҳисобланади. Бу ўсимлик қурғоқчиликка чидамлигининг юқорилиги сабабли қадимдан лалмикор ерларда экиб келинади.

Ҳозирги кунда Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станциясида тўйимлиги юқори бўлган, таркибида 50–55% оқсил ва турли алмашинмайдиган аминокислоталар мавжуд нўхатнинг “Жаҳонгир”, “Ирода–96”, “Ўзбекистон–32”, “Юлдуз” каби серҳосил касаллик ва зараркунандаларга чидамлиги юқори бўлган навлари яратилган.

Лалмикор ерларнинг ярим таъминланган текис қир-адирлик минтақасида нўхатнинг мақбул экиш муддати март ойининг иккинчи ўн кунлиги, экиш меъёри гектарига 60–70 кг, тоғ олди ва тоғли минтақаларда эса март ойининг охири, апрель ойининг дастлабки ўн кунлиги ҳисобланади. Бу минтақаларда нўхатнинг экиш меъёри 75–80 кг/га. ни ташкил этиши лозим. Бунда албатта 1000 дона дон вазнига алоҳида эътибор бериш зарур. Тупроқ намлигига қараб қатор оралиғи 45–60 см. ни ташкил этиши зарур.

Лалмикор майдонларда барча дуккакли экинлар каби нўхат ўсимлиги ҳам фосфорли ўғитларга талабчанлиги юқори ҳисобланади. Лекин, нўхатнинг дастлабки ўсиш-ривожланиш босқичларида азотли бирикмаларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 30–40 кг/га соф таъсир этувчи модда ҳисобида таркибида азот сақлайдиган фосфорли ўғитларни (аммофос, АФУ ва бошқалар) экиш олдидан ёки экиш билан бирга бериш мақсадга мувофиқ.

Мойли экинлар етиштириш. Республиканинг лалмикор майдонларида экиладиган мойли экинлардан бири махсар ҳисобланади. У кучли ривожланган ўқ илдизга эга бўлиб, тупроқнинг 1,5–2 м қатламигача кириб боради ва унинг қуйи қатламларидаги намлик захирасидан тўлиқ фойдаланилади. Шу сабабли бу экин қурғоқчиликка анча чидамли ўсимлик ҳисобланади.

Унинг уруғи тупроқдаги ҳарорат 1–2оС ни ташкил этганда униб чиқа бошлайди. Экишнинг мақбул муддати Тошкент, Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларининг қуйи лалмикор минтақаларида март ойининг биринчи ўн кунлиги, тоғ олди майдонларда эса март ойининг охирги ўн кунлиги ва апрелнинг дастлабки ўн кунлиги ҳисобланади. Жанубий вилоятларда эса бу экинни қиш ойларининг очиқ ва илиқ кунларида ҳам экиш мумкин.

Экиш олдидан дискали ёки тишли бороналар ёрдамида ҳар икки йўналишда 5–8 см чуқурликда саёз ишлов берилади ва дарҳол мола босилади.

Экиш меъёри қатор оралиғи 30 см. ни ташкил этганда 20–22 кг/га, 45 см қатор оралиғида 15–18 см кг/га. ни, экиш чуқурлиги эса тупроқ намлигига қараб 4–5 см. ни ташкил этиши зарур.

Лалмикор ерларда экиш учун махсарнинг “Милютин–114” ва “Ғаллаорол” навлари тавсия этилади.

Республиканинг лалмикор майдонларида унга кучли зарар келтирадиган ва энг кўп тарқалган зараркунандаларга махсар кичик ва катта узунбуруни, махсар пашшаси ҳисобланади.

Махсар зараркунандаларига қарши самарали биологик кураш усулларини, яъни ҳар бир гектарга 500 тадан храбракон ва олтинкўз тарқатиш, шунингдек, олтингугурт кукуни (20–30 кг/га), олтингугурт-оҳак қайнатмаси, Суми-альфа (0,2–0,3 л/га), Циперфос (5 л/га) препаратларини қўллаш мумкин.

Мой учун зиғир етиштириш. Мамлакатимизнинг лалмикор майдонларида қадимдан экиб келинаётган муҳим мойли экинлардан яна бири зиғир ҳисобланади.

Зиғир махсарга нисбатан тупроқ унумдорлигига талабчанлиги анча юқори бўлиб, оғир тупроқли, зичлиги юқори бўлган, озиқа моддалар билан кам таъминланган тупроқларда ҳосилдорлиги ва мой чиқиш даражаси кескин пасаяди.

Зиғир экишнинг агротехник қулай муддати текис қир-адирлик минтақада март ойининг биринчи ярми, тоғ олди ва тоғли минтақаларда март ойининг охири-апрель ойининг дастлабки ўн кунлиги ҳисобланади. Экиш меъёри қуйи лалмикор минтақада 16–18 кг/га, тоғли ҳудудларда эса 20–22 кг/га. ни, экиш чуқурлиги тупроқнинг намлигига қараб 4–6 см. ни ташкил этиши зарур.

Зиғир ўсимлиги дастлабки босқичларда жуда секин ўсади ва бегона ўтлар томонидан қисиб қўйилади. Шу сабабли зиғирни бегона ўтлардан тозаланган майдонларга экиш мақсадга мувофиқ.

Ем-хашак экинлари агротехнологияси. Кўп йиллик тажрибаларнинг кўрсатишича, тупроқ унумдорлиги чуқур деградацияга учраган лалмикор майдонларда тупроқдаги органик моддалар (гумус) нинг барқарор ижобий балансини таъминлашда ҳамда унинг сув-физик ва бошқа хусусиятларини яхшилашда кўп йиллик ва бир йилик дуккакли экинлар (беда, хашаки нўхат, бошқалар) экиш муҳим аҳамият касб этади.

Лалмикор майдонларнинг текис қир-адирлик минтақасида 12 йиллик беда томонидан тупроқнинг 0–30 см қатламида тўпланган органик модда миқдори 116,03 ц/га. ни, азот миқдори 182,9 кг/га, фосфор 61,0 кг/га ва калий 79,2 кг/га. ни ташкил этади.

Лалмикор майдонларнинг ярим таъминланган текис қир-адирлик ва ёғингарчилик билан таъминланган тоғ олди минтақаларида беданинг “Аридная” ва “Бойгул” навлари 5–6 далали ғалла-шудгор алмашлаб экиш схемасидан ташқарида 7–8 йил давомида етиштирилади. Тупроғи сув эрозиясига кучли чалинган тоғли майдонларда эса беда бевосита ғалла–беда алмашлаб экиш схемасида етиштирилади.

Кўп йиллик беда экиладиган майдонлар кузда 20–22 см чуқурликда шудгор қилинади. Эрта баҳорда, яъни март ойининг дастлабки кунларида дискали бороналар ёрдамида даланинг диоганали бўйича ишлов берилади. Дискали бороналар (ЛДГ 10) ўрнига чизель-культиваторлардан (ЧКУ-4) ҳам фойдаланилса бўлади.

Лалмикор ерларнинг текис қир-адирлик минтақасида беда экишнинг муддати март ойи, тоғ олди ва тоғли майдонларда апрель ойининг дастлабки ўн кунлиги ҳисобланади. Экиш меъёри кўк масса олиш учун қуйи минтақада 10–12 кг/га, тоғ олди ва тоғли майдонларда 14–16 кг/га ҳисобида ёппасига экилади. Беда уруғини етиштиришда экиш меъёри 8–10 кг/га ҳисобида кенг қаторлаб (30–45 см) экилади. Барча лалмикор минтақаларда беда уруғи анкерли сошниклар билан жиҳозланган ғалла сеялкалари ёрдамида (СЗТ-3,6, ДЕМ-3,6) тупроқнинг 1,5–2 см қатламига экилиши зарур.

Лалмикор майдонларда экилган беда дастлабки йилда жуда кам миқдорда биомасса тўплайди (3–4 ц/га) ва кўпчилик йилларда ўриб олинмайди. Шу сабабли, сарфланган сарф-харажатларни қисман қоплаш мақсадида, беда экиладиган далаларга кузда 70–80 кг/га ҳисобида кузги арпа экилади. Эрта баҳорда арпанинг тўлиқ туплаш босқичида 10–12 кг/га ҳисобида беда уруғи экилади ва дарҳол енгил бороналар билан ишлов берилади.

Хашаки нўхат етиштириш. Лалмикор майдонларда тупроқни органик моддалар билан бойитиш ва структурасини яхшилашда, чорва молларини тўйимли, оқсилга бой омихта ем билан таъминлашда хашаки нўхат ва арпани қоплама қилиб экиш муҳим аҳамиятга эга. Бу экинлар ҳам ғалла-шудгор алмашлаб экиш схемасида банд шудгорга экилади. Хашаки нўхатнинг “Восток–85” нави экиладиган далалар кузда ёки февраль ойининг охири, март ойининг бошида 20–22 см чуқурликда ҳайдалади. Экиш олдидан шудгорга икки йўналишда борона ва мола билан ишлов берилади. Хашаки нўхатнинг ётиб қолмаслиги учун уни арпанинг дуварак (икки фаслли) навлари билан аралаш ҳолда экиш мақсадга мувофиқ. Бунда арпанинг экиш меъёри гектарига 60–70 кг/га. ни, хашаки нўхатники эса 40–50 кг/га. ни ташкил этиши лозим. Экиш муддати март ойининг дастлабки ўн кунлиги ҳисобланади.

Арпанинг тўлиқ туплаш босқичида 30–40 кг/га соф таъсир этувчи модда ҳисобида азотли ўғитлар билан озиқлантирилади. Фосфорли ва калийли ўғитлар эса кузда шудгор остига ёки экиш олдидан берилади.

Агар лалми ерларда деҳқончилик қиладиган соҳибкорларимиз омилкорлик билан иш тутсалар бундай ҳудудлардан ҳам мўл ҳосил етиштириб, мўмай даромад олишлари мумкин.