Кузги ғалла уруғини экиш ва ундириб олиш бўйича тавсиялар

Бошоқли дон экинларининг экиш муддатларини тўғри белгилаш ниҳоятда зарур тадбирлардан бири бўлиб, келгуси йил ҳосили тақдирини белгилайди.

Кузги буғдой уруғини экиш ҳар бир минтақада, тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда мақбул муддатларда ўтказилиши, уруғни бир текис ундириб олиш, қишки тиним даврига кириш учун тайёргарлик ҳолатининг яхши ўтиши, меъёрида қишлаш ва юқори ҳосил беришини таъминлайди.

Ғалла экиш муддатидан ўта эрта экилганда куздаги иссиқ ҳаво ҳарорати ва тупроқдаги намликдан буғдой ўсиб, қалинлашиб кетиши натижасида майсалар димиқиши ва уни қишда, эрта баҳор олдидан бўладиган совуқ олиши мумкин. Шунингдек, ушбу майдонларга экилган буғдой ун шудринг, сариқ, қўнғир ва поя занги ҳамда бошқа касалликлар билан ҳам зарарланиши хавфи ортади.

Ўта кечки муддатда экилганда эса буғдой илдиз тизими яхши ривожланмайди. Бунда ўсимлик қишга тайёргарлик ҳолатини ўтмасдан қишки тиним даврига киради. Бундай ҳолда буғдой ниҳолларининг бир қисми совуқдан зарарланади, қолганлари эса қишдан кучсиз ва нозик ҳолда чиқиб, ташқи муҳитни ноқулай омилларига чидамсиз бўлади.

Ҳаддан ташқари кеч экилганда эса уруғ умуман униб чиқмаслиги ҳам мумкин.

Демак, экиш муддатини шундай танлаш керакки, кузги буғдой тўла тупланиш фазасида тиним даврига кирсин.

Кузги буғдойнинг қишки тиним даврига 3–4 тадан тупланган ҳолда кириши учун мамлакатимиз суғориладиган ер шароитида униб чиқишдан кузги ўсув даври тўхтагунча 45–55 кунни ташкил этади. Демак, кузги буғдойни тиним даврига ўртача суткалик ҳарорат 50 °С паст бўлгандан қишловга киришини ҳисобга олсак ҳар бир минтақа учун мақбул экиш муддатни белгилаш мумкин.

Кўп йиллик кузатувлар натижалари бўйича Самарқанд вилоятларида                  6–8 ноябрдан ўртача суткалик ҳарорат +50 °С дан паст бўлади. Суткалик ҳаво ҳарорати ўртача +50 °С га тушгунга қадар ғалла 3–4 тадан тупланган бўлиши лозим. Демак, экиш муддат шу вақтдан эртароқ, яъни 45–55 кун илгари белгилаш лозим. Шунда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ғаллани 25 августдан, Навоий, Бухоро вилоятлари 1 сентябрдан, Фарғона водийсида жойлашган ва Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятлари 5 сентябрдан, Жанубий минтақада жойлашган Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида 15 сентябрдан экиш тавсия этилади.

Вилоятнинг суғориладиган ерларида бошоқли дон экинларини минтақалар тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, навларни биологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда экиш муддатларини белгилаш эвазига юқори ва сифатли дон ҳосили олишга эришиш мумкин.

Бунда навларни экиш биринчи навбатда кечпишар навлардан бошланади, жумладан, Андижон–1, Дурдона, Половчанка, Дружба навлари, кейинги навбатда ўртапишар Андижон–2, Краснодарская-99, Таня, Гром, Грация, Зимница, навлари, кечки муддатларда эса эртапишар навлар Чиллаки, Бобур, Матонат, Звезда, Яксарт, Кума, Есаул навларини экиш тавсия этилади.

Экиш меъёри. Кузги бошоқли дон экинларининг экиш меъёрини белгилашда минтақа тупроқ-иқлим шароити, нав хусусияти, уруғлик сифати, экиш усули, экишга тайёрланган майдоннинг сифати, бегона ўтлар билан ифлосланганлиги, ўтмишдош экин тури ва экиш муддати ҳисобга олинади.

Ишлаб чиқариш шароитида, экиш меъёрини барча навлар учун бир хил меъёрда белгиланади. Бу катта хато ҳисобланади. Ана шундай хатоликка йўл қўймаслик учун уруғ экиш меъёри гектарига млн дона унувчан уруғ ва 1000 дона дон вазни ҳисобида белгиланиши мақсадга мувофиқ.

Мамлакатимизнинг суғориладиган ер шароитида экиш учун тавсия этилган кузги буғдой навлари учун уруғ экиш меъёри гектарига 4,5–6 млн, лалми шароитларда эса бу кўрсаткич 2,5–4 млн дона унувчан уруғни ташкил этади.

Уруғликка қўйиладиган талаблар. Экиш учун белгиланган уруғлик «Давуруғназоратмарказ» томонидан берилган сертификат талаблари асосида белгиланади.

Уруғликни турли хил замбуруғ касалликларидан зарарсизлантириш, жумладан, чанг ва қаттиқ қоракуя, илдиз чириш ва бошқа касалликларга қарши 1 тонна уруғликка 2 фоизли Буғдойдор сус.к. 2,5–3 литр ҳисобида, 12,9 фоизли Виал ТТ с.сус.к. 0,25–0,3 литр билан ишлов бериш ижобий натижа беради.

Очиқ майдонларга ғалла уруғини СЗУ-3.6, СЗТ-3.6, СН-16 русумли ва янги замонавий дон экиш сеялкаларида 3–5 см чуқурликда экишга эътибор қаратиш керак. Шунда уруғ бир хил чуқурликка тушади ҳамда текис униб чиқади.

Бунда фермер хўжаликлари раҳбарлари сеялканинг дискли сощникларига эътибор қаратишлари лозим. Сощниклар тўлиқ экишга яроқли бўлиши керак. Агар очиқ майдонларда ўғит сепиш мосламалари ёрдамида экиш ишлари бажарилса, уруғ бир текис тушмайди. Трактор излари атрофида ниҳол қалин, аксинча 3 метрдан кейин ниҳол сийрак бўлиб қолади. Энг салбий ҳолат жўяк олиш жараёнида 25–30 фоиз уруғ белгиланган чуқурликдан пастга ва 10–12 фоиз уруғ эса юзага чиқиб қолади. Чуқурликка тушиб кетган уруғлар униб чиқа олмайди. Юзага тушган уруғларни қушлар еб кетади. Натижада 1 гектарда ўртача ниҳоллар сони 20–25 фоизга кам бўлади.

Ғўза қатор ораларига уруғ экиш махсус мосламалар ёрдамида амалга оширилиши ва бу мосламаларнинг ишга яроқлилиги ҳамда уруғни бир текисда ташлашига эътибор қаратилиши керак.

Уруғ экиш мосламаларда ғалла уруғларини экиш, уларни бир текис тушишини таъминлаши билан бирга майда ишчи органлари воситасида тупроққа яхши аралашиши, саёзроқ, енгил эгат олишни ташкил этиш лозим.

Экиш пайтида кесакли майдонларда уруғ сепиш тавсия этилмайди. Худди шундай эгатлар тўлиқ бузилмаган, 15–18 см чуқурликда юмшатилмаган майдонларда ғалла экиш ўта салбий ҳолатларни келтириб чиқаради.

Биринчидан, уруғ белгиланган чуқурликка тушмайди.

Иккинчидан, 20–30 фоиз уруғ ғўзапоя тагидаги юмшатилмай қолган ҳимоя зонаси устида қолиб кетади.

Учинчидан, кесакли майдонларда 30–40 фоиз уруғлар тупроқ билан аралашмай, кесак устида қолади. Бундай ҳолатларнинг олди олинмаса, ниҳол белгиланган меъёрдагидан кам бўлади.

Экиш билан бирга гектарига 50 кг меъёрда азотли ўғитларни беришни ташкил этиш, ғалла ниҳолларининг яхши ўсиш, ривожланишини таъминлайди.

Суғориладиган майдонларда уруғликни бир текис ундириб олиш учун уруғ суви бериш уруғ экилгандан кейинги кунидан бошланиши керак. Бунинг учун суғориш ўқариқларини олиш ва уларнинг узунлиги 50–60 метрдан ошмаслиги, суғориш гектарига 400–450 м3, яъни кичик меъёрида кўллатмай суғоришни амалга оширилиши ғалла майдонларини сифатли суғорилиши ҳамда сувдан унумли фойдаланишни таъминлайди.

Энг биринчи, яъни уруғ сувидан кейин тупроқ намлиги етарли бўлса 8–9 кунда сўнги уруғ бир текис униб чиқади. Мақбул муддатда экилган майдондаги уруғ бир текис ундириб олинганда ўсимликларнинг кузги ривожи, илдиз тизими яхши ривожланади, қишдан яхши чиқади ва кейинги ривожланиши, ҳосилдорлиги юқори бўлади. Ўртача 1 гектар майдонда 4,5–5 млн ёки 1 м2 да 450–500 дона ниҳол ҳосил қилинганда дала қониқарли, деб баҳоланади. Бунда очиқ майдонларга эртаги муддатларда 200–220, ўрта муддатларда 220–240, ғўза қатор ораларига экилганда эса 240–250 кг. дан уруғ экиш тавсия этилади.

Тўлиқ контур ҳосил қилиш учун даладаги барча ерлар – симёғочлар ости, ариқлар ва уватлар эгатлари, умуман ҳосил олиш имкони бўлган ҳар қарич ер эътибордан четда қолмаслиги лозим.

Майса униб чиққандан кейин 20–22 кун ичида туплаш фазаси бошланади. Ниҳолларнинг қишловга туплаган ҳолда кириши уларнинг қишки совуқларга чидамлилигини ошириш билан бир қаторда юқори ҳосилдорлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Кузги парваришдан асосий мақсад, ғалла экин майдонларида мақбул кўчат қалинлигини сақлаш, лозим бўлса, уруғ униб чиқмаган дала қисмларида қўшимча уруғ экиш йўли билан кўчат қалинлигини шакллантиришдир.

Ғўза қатор орасига кузги буғдой экилган майдонлардаги ғўзапояни ер музлаган вақтида буғдой илдизига зарар етказмасдан ўриб даладан олиб чиқиш ва бунда буғдой пайхонгарчилигига йўл қўймаслик лозим.

Юқоридаги агротехник тадбирлар ўз муддатида, сифатли амалга оширилиши билан бошоқли дон экинларидан юқори ҳамда сифатли ҳосил олишга пухта замин яратилади.