Кузги ғалла экинларини февраль ойида  парваришлаш бўйича тавсия

Вилоятимиз фермер хўжаликлари ва соҳа мутахассисларининг асосий мақсади бошоқли дон экинлари экилган ҳар бир гектар ердан юқори ва сифатли ҳосил етиштиришдир. Республикамизнинг тупроқ-иқлим шароити хилма-хиллиги, охирги йиллардаги сув танқислиги кузги буғдой етиштиришда бир қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Ғалла етиштириш технологияси ҳар бир минтақада ўзига хос бўлиб, эътибор ўша тупроқ-иқлим шароитида юқори ва сифатли дон етиштиришга қаратилган бўлиши керак.

Ғаллани азотли ўғитлар билан 1-озиқлантириш ишлари февраль ойининг ўрталарига тўғри келишини ҳисобга олиб, мавжуд ўғит сепиш мосламалари, (НРУ-05) ўғит ташиш учун мўлжалланган транспорт воситаларини тўлиқ таъмирдан чиқариш ўғитлаш мавсумини қисқа муддатда якунлаш имкониятини беради. Шунингдек, ҳудудлар бўйича фермер хўжаликларига 1 ва 2-озиқлантириш учун етарли миқдордаги минерал ўғитлар захирасини яратиш талаб этилади.

Ғаллани озиқлантириш учун тўғридан-тўғри шартнома асосида етказиб бериладиган азотли минерал ўғитлар учун талаб этиладиган маблағларни банк тижорат кредити ва устав жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳал этиш лозим. Шунинг учун фермер хўжалиги раҳбари январь ойида АТБ “Агробанк”нинг ҳудудий билан шартнома тузиш ишларини ўз муддатларида амалга ошириши шарт. Бу эса, ғалла ҳосилининг давлат буюртмасидан ташқари етиштириладиган қисмини ошишига замин яратади.

2016 йил декабрь 2017 йил январь ойларининг бирмунча илиқ келиши зараркунанда, ҳашаротлар ҳамда бегона ўтларнинг ўтган йилга нисбатан кўп бўлиши кутилмоқда. Шунинг учун ҳар бир гектар ғалла майдонига талаб этиладиган гербицидлар, фунгидцидлар ва петицидлар захирасини яратиш лозим. Шунингдек, ғалла майдонларининг атрофларини хас-хашаклардан, ғўзапоялардан тўла тозалаш керак.

Ойнинг энг муҳим тадбирларидан бири бу – ғалла майдонларида ниҳолларни қишловдан чиққанлигини аниқлаш ҳамда ғаллани 1-озиқлантириш ҳисобланади.

Республика ҳудудларининг жойлашган ўрни ва об-ҳаво шароитига қараб эрта баҳорги озиқлантиришнинг ўртача муддати 10–25 февралга тўғри келади. Эрта баҳорги озиқлантиришда азотли минерал ўғитларни бир гектарга физик ҳолда ўртача 200–250 кг бериш тавсия қилинади.

Эрта баҳордаги азотли минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишлари энг биринчи навбатда, кечки муддатда экилиб, қишловдан қийинчилик билан чиққан майдонларда, қўшимча гектарига 100 кг. дан бериб, кейин уруғлик етиштириш учун экилган майдонларда ва ниҳоят қолган майдонларда ўтказилиши зарур.

Эрта баҳорда тупроқ таркибидаги озуқа моддалар миқдори камайиб кетишидан ташқари, ғалла ниҳоллари нимжон ҳолда қишдан чиқади ва озуқа моддаларга талабчан бўлади. Эрта баҳорги азотли минерал ўғитлар билан озиқлантириш кўчат қалинлигини барқарорлаштиради. Ғалла ниҳолларини тупланиш жараёнини жадаллаштиради ва 1 м2 майдонда 550–600 тагача маҳсулдор поя ҳосил қилишга эришилади. Озиқлантиришни ўз муддатида ўтказиш ҳисобига бир гектар ердан 4–5 центнергача қўшимча ҳосил олинади.

Биринчи озиқлантириш учун бериладиган азотли минерал ўғитлар меъёрини аниқлашда ўсимликларда ўсиш жараёни бошланиши муҳим ўрин тутади. Агар ўсимликларда ўсиш жараёни кеч бошланса, бу даврга келиб ҳаво ҳарорати тез кўтарилади, ривожланиш фазаларини ўтиш вақти ва озиқа моддалар ўзлаштирилиши пасаяди. Шу даврда ўсимликда тупланиш ва генератив органлар ривожланишини кучайтириш мақсадида азот меъёрини йиллик меъёрига нисбатан 25 фоиз эмас, 30 фоизга оширилиши тавсия қилинади. Бундан ўғитлаш кўпайиб кетганда эса азотнинг ортиқча қисми сув ёки ёғингарчилик билан ювилиб кетади.

Озиқлантиришдан сўнг ҳар бир минтақада тупроқ намлиги ва иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда гектарига 700–800 м3 ҳисобида суғорилади. Суғориш жараёнида қўшимча озиқлантириш мақсадида жамғарилган маҳаллий ўғитларнинг 60–70 фоизи шарбат усулида оқизилиши яхши самара беради.

Эрта баҳорда буғдой майсалари ривожланиши суст бўлган майдонларга, минерал ва маҳаллий ўғитлар берилиши ўсимликларни эрта баҳорги ривожланиш жараёнини тезлаштиради. Бунда асосан кеч экилган ёки ривожи паст бўлган ғаллалар эътиборга олиниши керак.

Бу даврдаги озиқлантириш республикада экилган навларнинг биологик хусусиятларига асосан эртапишар (Чиллаки, Андижон–4, Бобур, Звезда, Марс–1, Омад, Матонат, Замин–1, Яксарт, Туркистон, Кума, Есаул, Старшина), ўртапишар (Восторг, Гром, Нота, Таня, Краснодарская–99, Зимница, Бригада, Табор, Юка, Андижон–2, Аср, Давр, Дружба, Эломон, Ғозғон) ва кечпишар (Память, Андижон–1, Дурдона) навларга алоҳида эътибор бериш керак. Чунки эртапишар навлар бошқа навларга нисбатан 7–10 кун эрта найчалаш фазасига киради. Бу эса эртапишар навларни бошқа навларга нисбатан 10 кун эртароқ озиқлантиришни талаб этади.

Ойнинг охирида далани кузатувчи агрономларнинг хулосаларига кўра, касалликлар, зараркунанда ҳашаротлар ва бегона ўтлардан кучли зарарланган майдонлар аниқланиб чиқилишига алоҳида эътибор бериш керак.

Бошоқли дон экинлари ҳосилини етиштиришда номлари ва муддатлари қайд этилган агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши деҳқончиликда ўта муҳим ҳисобланади.

Юқоридагиларни инобатга олиб агротехник чора-тадбирларни белгиланган муддатларда сифатли амалга оширилиши мўл ҳосил гарови бўлиб хизмат қилади.