Бошоқли дон экинларининг қишки парвариши бўйича Тавсиялар

Кузги ғалла экинларини куз, қиш ва баҳор ойларида тўғри, ўз вақтида парвариш қилиш ўсимликни ноқулай шароитларга чидамлилигини оширади ҳамда ҳосилдорлигининг юқори бўлишини таъминлайди.

Ўтган йилнинг куз фасли серёғин ҳамда жорий йилнинг қиш фасли нисбатан илиқ келаётганлиги кўп миқдорда бегона ўт уруғлари сақланиб ва кўп йиллик ўтларнинг илдизпоялари қолиши оқибатида улар тез кўкариб чиқиши мумкин. Сақланиб қолган бегона ўтлар қулай шароит бўлганда ва эрта баҳорда тез ўсиб, кузги ғалла экинларини босиб кетиши туфайли ғалла ҳосилига салбий (ғаллага берилган минерал ўғит ва сувни тенгма-тенг ўзлаштириши) таъсир кўрсатади. Шунингдек, дала четлари ҳамда ариқ-зовур атрофларидаги хас-хашакларда зараркунандалар тухуми ва ғумбаклари, касалликлар замбуруғлари сақлниб қолиши куп роқ кузатилиши мумкин.

Кузги буғдойда ҳар қандай шароитда ҳам физиологик жараён давом этади, унинг ривожи учун энергия зарур бўлади. Кунлик ҳарорат +3–5 °С бўлганда қишлаш даврида фотосинтез жараёни тўхтаб, фақат нафас олиш жараёни устунлик қилади. Бунда ғаллани экиш даврида берилган фосфорли ва калилий минерал ўғитлардан илдиз орқали синтез қилинган органик моддалар ҳисобига нафас олиш содир бўлади.

Кузги буғдой совуқ даврда энергияни фақат нафас олиши жараёнида танасидаги захира моддаларни парчаланиши эвазига ҳосил қилади. Шу билан бирга, қишда кундуз кунлари ўсимликда фотосинтез жараёни кечмайди. Ўсимлик қуёшнинг ёруғлик энергиясидан фойдаланши эвазига хлорофил доначаларини тўплайди. Бунинг натижасида ўсимликнинг кечки совуқларга чидамлилиги ошади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, кузги буғдой парваришида қиш фаслида қуйидаги агротехник тадбирларни бажаришга алоҳида эътибор бериш лозим.

Бу ойларда амалга ошириладиган энг муҳим агротехник тадбирларидан бири ўртача 1 гектар майдонга 10 тоннадан маҳаллий ўғит жамғариш. Ҳар 5 гектар майдонга 1 тадан 50 тонна маҳаллий ўғитни шарбатга айлантириш учун хандақлар қазиб, далага чиқарилган маҳаллий ўғитларни хандақларга солиб устидан 5–10 см қалинликда кўмиб қўйиш;

- ниҳолларни 3–4 барг, 1–2 барг ёки униб чиқмаган майдонларда ер ёрилиш ҳолатларини аниқлаш, бундай майдонларга жамғарилган қуруқ гўнг сочишни ташкил этиш (далада юза гўнг қатламини ҳосил қилиш) ҳамда шу майдонларни ҳар 2–3 кунда кузатиб бориш;

- ер музлаган вақтда ғўзапояни ўриб олиш ёки техника ёрдамида майдалаш ишларини ташкил этиш;

- ғалла майдонларини сув билан таъминлайдиган ички ариқларни ҳашар йўли билан тозалаш;

ерости сувлари 1,5 метрдан чуқур жойлашган майдонларда енгил чилла суви бериш фойдали ҳисобланади. Тупроқда етарлича нам тўпланади, ғаллага касаллик ва ҳашаротлар тушишининг олди олинади. Бу майдонлардаги маҳсулдор поялардан чиққан бошоқдаги доннинг вазни ортади ва ғалланинг умумий ҳосилдорлиги 5–10 центнерга кўпаяди;

ғаллани азотли ўғитлар билан 1-озиқлантириш ишлари об-ҳаво шароитига қараб, февраль ойининг ўрталарига тўғри келишини ҳисобга олиб, ўғит сепиш мосламалари (НРУ-05), ўғит ташиш учун мўлжалланган транспорт тракторларини тўлиқ таъмирдан чиқариш ўғитлаш мавсумини қисқа муддатларда якунлаш имкониятини беради. Шунингдеқ ҳудудлар бўйича фермер хўжаликларига 1 ва 2-озиқлантириш учун етарли миқдордаги минерал ўғитлар захирасини яратиш;

такрор ғалла экилган майдонларда ғалладошлар оиласига мансуб бегона ўтлар кўпайишини ҳисобга олиб, уларга қарши гербидцидлар захирасини яратиш чораларини куриш (Атлантис, Топик, Тердок, Далзлак ва ҳ.к.);

об-ҳавонинг нисбатан илиқ келиши туфайли касаллик зараркунанда ҳашаротларнинг бирмунча кўп бўлиши кутилмокда. Шунингучун ҳар гектар ғалла майдонига талаб этиладиган фунгицидлар ва пестицидлар захирасини яратиш;

- ғалла майдонларида парваришланаётган бошоқли дон экинларининг навларига қараб ниҳоллар ҳолатини ўрганиб, мутахассислардан иборат дала кузатув гуруҳлари ташкил этиш қиш ойларининг яна бир муҳим тадбирларидан бири ҳисобланади.

Юқоридаги агротехник чора-тадбирларни республикамиз минтақаларининг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда сифатли амалга оширилиши, ғалладан жорий йилда ҳам юқори ҳамда сифатли дон ҳосили етиштиришни таъминлайди.