Бошоқли дон экинларини парваришлаш бўйича тавсиялар

Январь об-ҳавосининг ўтган йилларга нисбатан илиқ келиши кейинги 20–30 йил мобайнида ҳеч кузатилмаган. Бундай ҳолат ғалла парваришида ўта мураккаб вазиятни юзага келтирмоқда. Шундай шароитда бегона ўтларнинг уруғлари, касаллик споралари ва зараркунандаларнинг тухумлари тўлиқ нобуд бўлмайди. Оқибатда, эрта баҳорда бегона ўтлар, касаллик ва зараркунандалар кўпайиши хавфини оширади.

Тупроқ-иқлим шароитимизнинг ҳудудлар бўйича хилма-хиллиги, сув танқислиги, ёғин миқдорининг кам бўлаётганлиги ғалла етиштиришда ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олишни тақозо этади.

Бунинг учун февраль ойида ғаллачиликда қуйидаги тадбирлар амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.

Ғаллани парваришлашда азотли ўғитлар билан 1-озиқлантириш жанубий минтақалар – Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида февраль ойининг биринчи 10 кунлигига тўғри келишини ҳисобга олиб, бошқа ҳудудларда ҳам ўғит сепиш мосламаси (НРУ-05), ўғит ташиш учун мўлжалланган транспорт тракторларини сифатли таъмирдан чиқариш зарур. Шунда ўғит бериш мавсуми қисқа муддатда якунланади. Фермер хўжаликлари етарли миқдорда минерал ўғитлар захирасини яратишлари талаб этилади.

Февраль ойида ғалла ўсиш-ривожланиш даврини аниқлаш мақсадида, ғалла майдонларида зудлик билан мониторинг ўтказиб (тўла тупланган 3–4 барг, 1–2 барг ҳосил қилган, униб чиқмаган майдонларни аниқлаш), ниҳолларни ривожланиш босқичларини аниқлаш лозим. Агар ғалла ниҳоллари 3–4 барг, 1–2 барг ёки униб чиқмаган, ер ёрилиш ҳолатлари аниқланса, ушбу майдонларга жамғарилган қуруқ гўнг сочишни ташкил этиш (далада юза гўнг қатламини ҳосил қилиш) ҳамда бу майдонларда ҳар 2–3 кунда кузатиш ишларини олиб бориш мақбулдир.

Бу ойдаги энг муҳим агротехник чора-тадбирлардан яна бири – бу ғалла майдонларидаги ниҳолларни қишловдан чиққанлигини аниқлаб, тўлиқ туплаган майдонларда 1-озиқлантириш бошланади.

Эрта экилган ғаллани об-ҳаво шароитига қараб, хусусан, жанубий минтақаларда (Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари) февраль ойининг биринчи 10 кунлигидан, ўрта минтақаларда иккинчи 10 кунлигидан ва шимолий минтақаларда (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятлари) 20–28 февралдан парваришига киришиш лозим.

Баҳорги озиқлантиришда азотли ўғитлар йиллик меъёрининг (180–210 кг соф ҳолда) таъсир этувчи модда ҳисобидан 25 фоиз бериш тавсия қилинади (физик ҳолда гектарига кўпи билан 150–160 кг).

Эрта баҳордаги азотли озиқлантиришни энг аввало кеч муддатларда экилиб, қишловдан қийинчилик билан чиққан, ундан кейин уруғлик етиштириш учун экилган ва ниҳоят қолган майдонлардаги ғаллазорда ўтказилиши тавсия қилинади. Қишловга тупламасдан кирган ҳамда қишловдан қийинчилик билан чиққан майдонлардаги ўсимликларни қўшимча тартибда гектарига 100 кг (физик ҳолда) меъёрда озиқлантириш яхши самара беради.

Тупроқ таркибидаги озиқа моддалар миқдори камайиб кетганда, ўсимлик нозик ҳолда қишдан чиқади. Бундай шароитда озиқ моддаларга ниҳоятда муҳтож бўлади. Эрта баҳорда озиқлантириш кўчат қалинлигини барқарорлаштириш билан бирга ўсимликда тупланиш жараёнини жадаллаштиради. Шунга эътибор берилса, бир квадрат метр майдондан ўртача 550–600 донагача маҳсулдор поя ҳосил қилишга ва гектарига 4–6 центнергача қўшимча ҳосил олишга замин яратилади.

Озиқлантиришда азотли ўғитлар меъёрини тўғри белгилаш ўсимликларда ўсиш жараёни бошланишида муҳим ўрин тутади. Уларда ўсиш жараёни кеч бошланса, бу даврга келиб ҳаво ҳарорати тез кўтарилади, натижада ривожланиш фазаларни ўташ вақти ва озуқа моддаларни ўзлаштириши пасаяди. Шу даврда ўсимликда тупланиш ва генератив органлар ривожланишини кучайтириш мақсадида, азот меъёрини йиллик меъёрига нисбатан 25 фоиз эмас 30 фоизга оширилиши тавсия этилади.

Эрта баҳорги озиқлантиришда азотли ўғитлар меъёрини бундан оширилиши ниҳоллар ёш бўлганлигидан ўзлаштира олмайди. Натижада азотли ўғитларни ортиқча қисми сув ёки ёғингарчилик билан ювилиб кетиши мумкин.

Озиқлантиришдан сўнг ҳар бир минтақада тупроқ намлиги ва иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда гектарига 700–800 м3 сув таралади. Суғориш жараёнида қўшимча озиқлантириш мақсадида, жамғарилган маҳаллий ўғитларнинг 60–70 фоизи шарбат усулида оқизилиши яхши самара беради.

Буғдой ривожланиши суст бўлган майдонларга, минерал ва маҳаллий ўғитлар берилиши ўсимликларни ривожланиш жараёнини тезлаштиради.

Мақбул муддатларда экилган, қишловга қадар 3–4 ва ундан кўп туплаган, нормал ривожланган ғаллазорларга об-ҳавога қараб, суспензия (25 кг карбомидни 600 литр сувга эритиб 2 гектар майдонга) сепиш зарур.

Бу даврдаги озиқлантириш навларнинг биологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда эртапишарлиги (“Чиллаки”, “Звезда”, “Кума”, “Андижон-4”, “Бобур”, “Ғозғон”), ўртапишарлигига (“Крошка”, “Гром”, “Грация”, “Нота”, “Таня”, “Краснодарская-99”, “Андижон-2”, “Яксарт”, “Зимница”, “Сила”, “Дружба”) ва ўрта кечпишарлиги (“Восторг”, “Половчанка”, “Дўстлик”, “Андижон-1”, “Дурдона”)га алоҳида эътибор бериш керак. Чунки эртапишар навлар бошқа навларга нисбатан эрта найчалаш фазасига киради. Бу эса эртапишар навларни бошқа навларга нисбатан 7–10 кун эртароқ озиқлантиришни талаб этади.

Агрономларнинг хулосаларига кўра, касаллик, зараркунанда ҳашаротлар ва бегона ўтларни бартараф этишга алоҳида эътибор беришлари керак.

Чунки ҳисоб-китобларга кўра, бошоқли дон экинлари майдонларида бегона ўтлар тарқалиши оқибатида ҳар гектар ердан 8–10 центнергача, ғалла касалликлари билан зарарланганда 10–12 центнергача, зараркунандалар зиёни таъсирида 5–6 центнергача дон ҳосили йўқотилар экан. Зарарли организмлар билан кучли зарарланиш ҳолатларида эса бу кўрсаткич 40–50 фоиз, ҳатто ундан ҳам кўпроқ миқдордаги ғалла ҳосилининг нобуд бўлишига олиб келиши кузатилган.

Қолаверса, жорий йил январь ойи об-ҳавосининг илиқ келганлиги ғалла майдонларида бегона ўт, зараркунанда ва турли касалликларнинг эртароқ муддатларда ривожланишини таъминлаши мумкин. Шунга кўра, республиканинг жанубий вилоятларида уларга қарши кураш тадбирларини февраль ойининг иккинчи ярмиданоқ ёки олдинги йилларга нисбатан 10–15 кун олдин бошланишини тақозо этади.

Ғалла ҳосилининг асосий кушандаси бўлган зарарли хасва, шилимшиқ қурт, буғдой трипси ва бошқа зараркунандалар асосан дала атрофидаги бегона ўтлар, ўсимлик қолдиқлари, хас-чўплар остида қишлаб чиқади.

Уларнинг орасида энг хавфлиси – хасва етук зот ҳолатида қишлаб, тупроқ ҳарорати 10 даражадан ошиши биланоқ дала четларидан тарқала бошлайди. Шунга кўра, ғалла зараркунандаларига қарши қуйидаги тадбирларни амалга ошириш тавсия қилинади.

Ғалла ҳосилини зараркунандалар, турли касаллик ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишнинг ташкилий-хўжалик, профилактик ва агротехник тадбирлари амалга оширилиши, бунинг учун биринчи навбатда, кимёвий ҳимоя қилиш воситалар захирасини яратиш лозим.

Хасва билан зарарланган дала четлари, уватлардаги бегона ўтларни йўқотиш ва бу орқали шу ерда қишлаётган зарарли хасва, шира, трипс миқдорини камайтириш керак.

Сўрувчи зараркунандаларга қарши олтинкўз энтомофагини биолабораторияларда гектарига 1000 дона ҳисобидан кўпайтириб, улар захирасини яратиб қўйиш фойдадан ҳоли эмас.

Эрта баҳорда, яъни зараркунандаларнинг дастлабки ривожланиш ўчоқлари пайдо бўлган дала четлари ва уватларда тизимли таъсир қилувчи препаратлар билан профилактик ишловлар ўтказиш ҳам зараркунандалар миқдорини камайтиришга хизмат қилади. Шунда мавсум давомида кенг майдонларга тарқалиб кетишининг олди олинади. Профилактика мақсадида дала четларига 10 фоизли “Каратэ” ёки “Киллер” ёки “Атилла” (0,1 л/га); 5 фоизли “Карбофос” ёки “Фуфанон” (1,2–2,0 л/га); 5 фоизли “Кинмикс” (0,2 л/га) ва бошқа препаратларни қўллаш тавсия этилади.

Маълумки, ғалланинг занг ва бошқа касалликлари ривожланиши учун намгарчиликлар қулай шароит яратади. Айниқса, сариқ занг касаллиги споралари ноль даражада ҳам ўсишни бошлаши, ҳаво ҳарорати ўртача 8–15 даражага етганда эса бу касаллик ривожланиши учун жуда қулай шароит юзага келиши сабабли тарқалиш хавфи кучли бўлиши кутилмоқда.

Ғалла майдонларида учрайдиган бундай касалликларга қарши қуйидаги тадбирлар тавсия қилинади:

- февраль ойи ва эрта баҳордан дала четлари, уватлар, зовур ва ариқлар атрофини бегона ўтлардан тозалаш, зарур ҳолларда профилактик кимёвий ишловларни амалга ошириш;

- ғалла касалликларининг пайдо бўлиши ва тарқалиши бўйича доимий мониторинг юритиш, кузатувларни олиб бориш, ўсимлик барглари ва тупроқдан намуналар олиб текшириш, айниқса, ўтган мавсумда занг касаллиги тарқалган майдонларни алоҳида назоратга олиш;

- ғалланинг занг ва бошқа касалликларига қарши фунгицидлар захирасини башорат асосида яратиш;

- ғалла атрофидаги ғалласимон бегона ўтларда ёки буғдойда касаллик аломатлари кузатилиши биланоқ бундай майдонларни 22,5 фоизли “Уредоцин” ёки “Дуплет ТТ” ёки “Энтоликур” (0,3–0,5 л/га); 39 фоизли “Титул” (0,26 л/га); 40 фоизли “Титул Дуо” (0,2 л/га); 33 фоизли “Альто супер” (0,3 л/га) ва бошқа тавсия этилган фунгицидларидан бири билан кимёвий ишлов ўтказиш шарт.

Бегона ўтларга қарши эрта баҳорда буғдойнинг тупланиш фазасида, ҳаво ҳарорати 16–18 оС, бегона ўтларнинг 1 м2 даги миқдори 7–10 тани ташкил қилиб, уларнинг бўйи 5–7 см бўлганда гербицидлар билан ишловлар ўтказилиши лозим. Ҳарорат паст бўлганда, гербицидлар таъсири сусайиб, таъсир этиш муддати бироз чўзилади. Гербицидлар қўллангандан кейин 4–6 соат давомида ёмғир ёғиши кузатилса, унинг самараси яхши бўлмайди. Гербицидларни касалликка, зараркунандаларга қарши ишлатиладиган фунгицидлар ва инсектоакарицидларга қўшиб ишлатиш мумкин. Лекин ўғитлар суспензиясига қўшиш тавсия этилмайди.

Ғаллазорлардаги бир йиллик икки паллали (шўра, олабута, жағ-жағ, чакамиғ, қоқиўт, итузум, бўри-тароқ, қушқўнмас, қўйтикан, ёпишқоқўт, тугмачаўт, лолақизғалдоқ, ёввойи сабзи, ёввойи турп ва бошқалар) бегона ўтларга қарши гербицидларни ҳар гектарига қуйидаги сарф-меъёрларда қўллаш тавсия этилади:

“Трибенуронметил” асосида ишлаб чиқилган 75 фоизли “Гранстар”, “Далстар”, “Моерстар”, “Тайфун”, “Энтостар” сингари препаратларнинг бири гектарига 15–20 г; кўп йиллик икки паллали бегона ўтлар (қўйпечак ва гандимак (юлдузча ўт) га қарши 38,2 фоизли “Фенизан” препаратини майсанинг тупланиш фазасидан то найчалаш фазасигача гектарига 0,14–0,2 л сарф миқдорида қўллаш тавсия этилади. Чунки найчалаш даврида қўлланса, ҳосилга салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, 20 фоизли “Старане”, “Моеране” (0,75–1,0 л/га), 33 фоизли “Старане премиум” (0,5–0,6 л/га), 40 фоизли “Химране” (0,5 л/га) препаратларини қўлласа бўлади. Кўп йиллик бегона ўтларга тавсия этилган гербицидлар, бир йиллик икки паллали бегона ўтларга қарши ҳам яхши самара беради.

Ғалла майдонларидаги бир йиллик бошоқли бегона ўтлар (ёввойи сули, курмак, итқўноқ, ёввойи супурги)га қарши қуйидаги гербицидларни қўллаш тавсия этилади: 8 фоизли “Топик” ёки “Далзлак-Т” ёки “Тердок” ёки “Мопик” (0,3–0,4 л/га); 7,5 фоизли “Пума супер” ёки “Далзлак” ёки “Ластик” ёки “Стелла” ёки “Энтосупер” (0,8 л/га); 10 фоизли “Авена супер” (0,6–0,8 л/га); 17,5 фоизли “Овсюген экстра” (0,4 л/га); 3,6 фоизли “Атлантис” (0,25–0,3 кг + “Биопауэр” – 1 л/га). “Атлантис” гербициди юқорида кўрсатилган бегона ўтлардан ташқари райграс ва тулкиқуйруқ кабиларни бартараф этишда ҳам самараси юқори бўлади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши ғалладан юқори ҳосил олишни таъминлайди.