Апрель ойида бошоқли дон экинларинин парваришлаш бўйича тавсиялар

Об-ҳавонинг ўзига хос ўзгарувчан келаётган бу йилги шароитда ғалладан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш учун агротехник тадбирларни ўз вақтида маромига етказиб бажариш, мавжуд ресурслар, минерал ва маҳаллий ўғитлар ҳамда сувдан унумли фойдаланиш даркор.

Апрель ойида ғалланинг найчалаш даври давом этаётган пайти ҳисобланади.

Бу давр поянинг энг пастки қисми бўртиб, шиш ҳосил бўлиши билан бошланади. Мазкур шиш тупроқнинг устки қисмидан 3–5 см баландликда ривожланиб, 12–15 кун давом этади. Ниҳолларнинг биринчи, иккинчи ва учинчи бўғинлари пайдо бўлади. Тупроқдаги намлик озуқа моддаларнинг миқдорига қараб, ҳар бир бўғин орасининг узун ёки калталиги, найча ичида ривожланаётган бошоқлардаги доннинг сони қанча бўлишини кўрсатади.

Тупроқдаги намлик, ҳарорат ва озуқа моддаларнинг миқдори етарли бўлганда тез, аксинча бўлганда жуда секин ўтади. Поянинг ўсиши бошоқли дон экинларининг гуллаш давригача айрим ҳолатларда доннинг шаклланишигача давом этиши мумкин. Ушбу даврда тупроқнинг дала нам сиғими (ДНС) 70-75-70 фоиздан кам бўлмаслиги керак, шунда найчалаш даври самарали бўлиб, ҳар бир маҳсулдор поя тез найчалашга ўтади. Бундан ташқари ниҳолларни барг орқали озиқлантиришда 1-марта гектарига 8–12 кг.дан карбомид эритмаси билан суспензия сепилса, ғалла ривожини янада тезлаштиради ва ҳосил бошоқларининг шаклланишига ижобий таъсир этади.

Республикамизда экилаётган ғалла навлари эрта, ўрта ва кечпишар навларга бўлиниб, уларнинг бошоқлаш даври: эртапишар (Чиллаки, Старшина, Звезда, Бобур, Матонат, Андижон–4, Есаул) навларда бошоқлаш даври 15–20 апрель, ўртапишар (Краснодарская–99, Таня, Гром, Нота, Аср, Андижон–2, Зимница) навларида 22–25 апрель, кечпишар (Дурдона, Москвич, Андижон–1, Восторг) навларда эса 25–30 апрель кунларига тўғри келади.

Найчалаш даври ўтгандан сўнг, поядаги охирги байроқча барг қинидан ташқарига бошоқ чиқа бошлайди. Шу пайтдан бошлаб ўсимлик бошоқлаш даврига ўтади. Буғдой бошоғи, бошоқ ўзагидан ва бошоқчалардан иборат бўлади. Ҳар бир бошоқча қобиғида гулдонлар жойлашган. Гулдон буғдойда 2–5 тани, арпада эса биттани ташкил этади. Кўпчилик ғалла экинлари бошоғидаги гулдон қилтиқлар билан тугайди. Бу даврда мақбул ҳарорат 32 оС фойдали ҳисобланади. Шунингдек, бу даврда суғориш имконияти мумкин бўлган, сув билан яхши таъминланган майдонларда ҳар бир гектарига ўртача физик ҳолда 100–150 кг азотли минерал ўғитлар бериб, 1000–1100 м3 сув билан суғориш яхши самара бериш билан бир қаторда доннинг сифатини яхшилайди.

Ривождан орқада қолган, кеч экилган ғаллаларни парваришида ҳар гектар майдонга 10 тоннадан чириган маҳаллий ўғит чиқариб, шарбат қилиб оқизиш, қўшимча 100–150 кг. дан азотли озиқлантириш, сўнг пешма-пеш суғоришни ташкил этиш, бегона ўтлар турини аниқлаб, уларга қарши гербицидлар билан ишлов бериш қолоқ ғалла майдонлари ривожини яхшилайди, дон сифати ва ҳосилдорлиги ортишида яхши самара беради.

Апрель ойида бошоқли дон экинларининг зараркунанда ҳашаротлардан шиллиққурт, зарарли хасва, буғдой трипси ва арракаши кабилар катта майдонларини зарарлаши давом этади. Шунингдек сариқ, қўнғир занг, септориоз касалликларининг ғалла майдонларини зарарлашини инобатга олиб доимий кузатув ва қарши кураш чораларини эртароқ кўриш керак. Акс ҳолда бу тадбирларни кечиктирилиши етиштирилаётган доннинг сифати ва ҳосилдорлигини пасайишига олиб келади.

Ғаллa майдонларида пайдо бўлган касалликларга қарши қуйидаги кимёвий препаратлардан фойдаланиш тавсия этилади. Жумладан, 22,5 фоизли Титул ДУО, Дуплет ТТ, Уредоцин, Энтоликур, 33 фоизли Альто супер эм.к.л. (0,3–05 л/га) каби фунгицидлар билан ишлов бериш септориоз, сариқ ва қўнғир занг, ун-шудринг касалликларига қарши курашда ижобий натижа беради. Шунингдек, азотли минерал ўғитлар билан озиқлантириб, енгил суғориш лозим.

Ҳашаротларга қарши 20 фоизли Багира с.э.к. (0,07–01 л/га), 5 фоизли Каратэ эм.к., Далате эм.к. (0,15–0,2 л), Атилла эм.к. (0,15–0,20 л/га), Кинмикс эм.к. (0,2 л/га), 10 фоизли Караче эм.к. (0,07–0,1 л/га) препаратларини 300 литр сувга аралаштириб сепиш яхши самара беради.

Бунда касаллик ва зараркунанда ҳашаротларнинг тарқалиш ўчоқларига барча турдаги штангали, ОВХ пуркагичлар, қўл аппаратлари билан ўз вақтида ишлов бериш талаб этилади.

Ғаллa бошоқлаш даврида шарбат ўралар маҳаллий ўғитлар билан тўлдирилиб, суғоришни шарбат усулида ташкил этиш жуда самаралидир.

Умуман, апрель ойида об-ҳаво ва тупроқ шароитига қараб ғаллани 2 маротаба суғориш ҳамда гуллаш ва бошоқлаш даврида ҳолатига қараб 100–150 кг. дан қўшимча азотли ўғитлар билан ўғитлаш тавсия этилади.

Юқоридаги қайд этилган агротехнологик тадбирларни ўз вақтида белгиланган тартибда амалга оширилиши ғалла майдонларида ҳосилни тўлиқ сақлаб қолишга ҳамда 10–15 ц/га ҳосилга ҳосил қўшилади.