Ғалла ўрим-йиғими ва ерларни пешма-пеш шудгорлаш бўйича тавсиялар

Маълумки, даладаги ғалла ҳосили бирин-кетин эмас, бир пайтда пишиб етилади. Шу боисдан ҳам ҳосилни комбайнлар ёрдамида фақат бир ўтишда нест-нобудгарчиликка йўл қўймасдан ўриб-янчиб олинади. Чунки тўкилган донни қайта ердан йиғиштириб олишнинг сира иложи йўқ. Ғалладан бўшаган майдонлар сомондан тозаланиб, пешма-пеш шудгор қилинади. Демак, фермерлар, комбайнчилар, МТП раҳбарлари ва мутахассислари, сервис марказлари муҳандислари, ўрим-йиғим отрядларининг бошлиқлари ғалла ўрими ва шудгорлашга катта масъулият билан қарашлари лозим.

Фермерлар, муқобил МТПлар раҳбарларининг вазифалари:

- далага кирадиган йўллар, кўприкларни сифатли тайёрлаш, ўқариқларни текислаш (комбайн далага соз ҳолатда кириб чиқади);

- йўл четидаги дарахтларнинг осилиб ётган шохларини кесиб ташлаш, ўримга киришишдан олдин карталарни тўртбурчак ҳолига келтириш, комбайн боролмайдиган жойлардаги ғаллани қўлда ўриш (бор ҳосил тўлалигича йиғиб олинади);

- далани печак, чирмовиқ, шўра каби бегона ўтлардан, ҳар хил темир-терсаклардан тозалаш (пичоқлар синмайди, хедер, транспортёр, ротор ёки барабан бузилмайди, бункерга тоза дон тушади);

- комбайннинг бемалол қайрилишини таъминлаш, пояларнинг ғилдираклар билан эзилиши олдини олиш мақсадида дала атрофи бўйлаб камида 8 м кенгликдаги ғаллани олдиндан ўриб олиш, ёнғин чиқишига йўл қўймаслик учун дала четларини камида 4 м кенгликда шудгорлаб қўйиш.

Муҳандисларнинг вазифалари. Энг аввало, ишга тайёр ғалла комбайнларини қуйидаги талабларга жавоб беришини яна бир бор текширувдан ўтказиш керак: жатканинг асосий балкаси тўғри, ёриқлар йўқ; сирпанувчи бошмоқлар пачоқланмаган ва дарз кетмаган; мотовилонинг марказий ва паншаха трубалари эгилмаган, қадалмасдан айланади; бармоқли брус эгилмаган, тўғри; сегмент пичоқлари бутун, қарши кесувчи пластинкалар сийқалашмаган, дарз кетмаган; шнек цилиндрлари пачоқсиз, ўрамлари эгилмаган ва узилмаган; йиғиштириш барабанининг вали ва бармоқлари қийшаймаган, синмаган; қия камера корпусида ёриқлар йўқ, транспортер планкалари синмаган, қайишлари едирилмаган, пружиналари таранг; янчиш барабани (ротори)нинг вали эгилмаган, дон савағичлари едирилмаган, барабан (ротор) остлигининг тишлари бутун; сомон элаги клавишаларининг подшипниклари едирилмаган, ёрилмаган; ғалвирлардаги тешиклар катталашмаган, жалюзалар сегментлари синмаган; силкитувчи тахтадаги тарам-тарам листлар дарз кетмаган; элеваторлар кураклари синмаган, ленталари узилмаган; втулкалар, валиклар, пластинкалар ейилмаган; дон, бошоқ ва бўшатиш шнекларининг ўрамлари ўткирлашмаган ва бутун, ғилофларида тешик ёки ёриқлар йўқ.

Ўрим-йиғим отрядларининг вазифалари. Ҳар бир отряд таркибига 2 ёки 4 та «Кейс», «Клаас» комбайни, дон ташийдиган 4 ёки 8 та автотранспорт, 1 та кўчма устахона, 1 та занжирли трактор плуги ва маиший хизмат звеноси киради.

Отряд раҳбари туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими, МТП, автокорхона раҳбарлари ҳамда фермерлар билан биргаликда ўзига бириктирилган ғалла майдонларининг ҳажмини, дала контурлари бўйича ғалланинг ҳолати ва дон ҳосилдорлигини аниқлаб, ўрим-йиғим графигини тузади.

Отряд таркибида ҳисобчи ва дон қабул қилиш шохобчаси вакили фаолият кўрсатади. Отряд ҳисобчиси ўриладиган майдонларнинг ҳақиқий катталигини, ғалла ҳосилдорлигини бевосита ўримдан олдин ўлчашлар йўли билан аниқлайди. Ўрилган майдонлар учун туман МТП ёки «Агротехсервис» МЧЖ билан, жўнатилаётган дон учун транспорт корхоналари билан ҳисоб-китоб ҳужжатларини расмийлаштиради.

Отряд раҳбари ҳар бир фермер хўжалигининг бутун майдонидаги пишган ҳосилни тўлалигича йиғиштириб олиш, ҳисоб-китобларни тўғри юритиш, дон нобудгарчилигининг олдини олиш, ўрим қатнашчиларига етарли шарт-шароитларни яратиб бериш тадбирлари учун масъул шахс ҳисобланади.

Ўрим-йиғим отрядини етарли транспорт воситалари билан таъминлаш, ташиш жараёнида дон нобудгарчилигининг олдини олиш, автомашиналарни техник жиҳатдан доимо соз ҳолатда бўлиши автокорхона раҳбари зиммасига юклатилади.

Комбайнчилар, ҳайдовчилар ва ўрим-йиғим мавсумининг бошқа қатнашчиларига тиббий хизмат кўрсатиш, уларни иссиқ овқат билан таъминлаш тадбирларини фермерлар, маҳалла фаоллари ва туман соғлиқни сақлаш бўлими ходимлари бажаради.

Сервис марказлари муҳандислари ва комбайнчиларнинг вазифалари:

- ўриш жараёнида дон бошоқлардан уриб туширилганда мотовило тезлиги камайтирилади, уни пастга тушириб, вали пичоқларга яқинлаштирилади;

- бошоқлар ерга кўп миқдорда тўкила бошласа мотовило тезлиги камайтирилади, паншахаларни пичоқларга яқинлаштириб, уларнинг орқа томонга қиялиги бироз оширилади, паншахалар ва шнек қанотлари орасидаги тирқиш кенглиги торайтирилади;

- дон қирқилмаган поялар бошоқларида қолиб кетганда синган сегмент ва бармоқлар янгисига алмаштирилади, хедер пастга туширилади, мотовило пастлатилади ва олдинга чиқарилиб, тезлиги оширилади;

- сомон орасида тўлиқ янчилмаган бошоқлар учраганда тирқиш кенглиги камайтирилади, ротор тезлиги оширилади, ғалвир жалюзалари кенгроқ очилади, комбайн тезлиги пасайтирилади;

- ҳосилдор ва баланд бўйли ғаллани сифатли йиғиб олиш учун пичоқлар 25–30 см қирқиш баландлигига ўрнатилади, комбайн тезлиги ва хедернинг қамров кенглиги шундай танланиши керакки, бунда янчиш аппаратига секундига 3–5 кг атрофида ғалла массаси келиб тушсин.

Ғалла комбайнларидан кейин кетма-кет сомон йиғадиган машиналарни юргизиш даркор.

Сомон поялари 15 сантиметрдан баланд ўрилган майдонлардаги поялар КОС-2,1; КРС-2,1; КДП-4 ва КИР-1,5Г «Умид» сингари ўт ўрадиган агрегатлар ёрдамида ўриб-йиғиб олинади. Акс ҳолда, қолдиқ пояларнинг бир қисми шудгор пайтида тупроқ остига тўлиқ кўмилмасдан ва чириндига айланмасдан, ер бетида қолиб кетади. Улар шудгорлаш ва ерларни экишга тайёрлаш сифатига салбий таъсир этади. Ўримдан кейин ерда қолган сочма сомон ва ўт-ўланларни ўша куннинг ўзидаёқ тўплаб, йиғиб олиш лозим. Бунда ПМТ-Ф-1,8; ПС-1,8; ППЛ-Ф-1,6 русумли тўплагич-зичлагичлардан фойдаланилади.

Ғалладан бўшаган майдонларда қолган поялар ва сомонга ўт қўйиб, ёқиб юбориш асло мумкин эмас! Акс ҳолда тупроқнинг минерал ва маҳаллий ўғитларга бой, гумусли юқори қатлами ёнғин туфайли қотиб, ғоваклигини йўқотади, барча микроорганизмлар ва фойдали ҳашаротлар нобуд бўлади.

Шудгорлаш сомон йиғимидан кейин, ҳатто 1–2 кунга кечикса, жазирама иссиқ таъсирида тупроқ намлиги тез кўтарилиб, ернинг қотиб қолиши оқибатида катта-катта кесаклар кўчишига олиб келади. Шу боис сомон йиғиштириб олинган куннинг ўзидаёқ тупроқнинг юза қатлами қуриб кетган ва намлиги 14–16 фоиздан кам бўлса, майдонларни тезликда суғориш ва ер етилиши билан шудгорни бошлаш керак.

Далалар чимқирқарли ПН-4-35, ПЛН-5-35, LD-100 ҳамда икки ярусли ПЯ-3-35,ПД-4-45, МР-2/3-45 плуглари билан чуқур ҳайдалиши зарур. Чимқирқарли плуглар бегона ўтлар кам ёки бутунлай йўқ далаларни ҳайдашда ишлатилади. Бегона ўтлар кучли тарқалган майдонлар эса фақат икки ярусли плуглар билан ҳайдалиши шарт. Корпуслари айланадиган плуг­лар билан шудгорлашда тупроқ тўла ағдарилади, шудгорланган майдонларда марза ва эгат каби нотекисликлар ҳосил бўлмайди ва тупроқ юзаси текис чиқади.

Ҳайдов отряди бошлиғи, механизатор ва фермер қуйидагиларга алоҳида эътибор беришлари даркор:

- шудгорлаш ишларини икки сменада ташкил этиш, ҳайдов агрегатларини эрта тонгда ва кечқурун юқори унум билан ишлатиш (трактор двигатели қизиб кетмайди, ёнилғи ва мой кам сарфланади);

- механизаторлар, таъмирловчи чилангарлар ва барча ишчиларга етарли маиший шароитларни яратиш, қисқа муддатларда сифатли бажарилган шудгор учун уларни моддий рағбатлантириш;

- ҳайдаш чуқурлигининг барқарорлиги, тупроқнинг майин ва текис шудгорланишини таъминлаш;

- электр ёки алоқа симларининг таянчлари, майдонлар ичидаги дарахтлар атрофларини 2–3 корпусли плуглар ёрдамида олдиндан ҳайдаб қўйиш;

- ҳайдов трактори ва плугни техник соз ҳолатда ушлаб туриш, кундалик техник қаровларни сифатли бажариш, двигателнинг совутиш ва мойлаш тизимлари ишини назорат қилиш;

- кўчма устахоналарда лемех, отвал, дала доскаси, сақловчи болт каби плугнинг ишдан тез чиқадиган деталлари, трактор учун мотор ва гидравлика мойлари захирасини етарлича барпо этиш;

- ҳар бир ҳайдов агрегатига икки нафардан малакали механизатор ва бир нафардан механикни бириктириш;

- ҳайдов агрегатларига техник хизмат кўрсатиш, уларга ёнилғи қуйиш ишларини кўчма устахоналар ва махсус агрегатлар воситасида даланинг ўзида бажариш.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ғалла ўрими, далаларни сомондан тозалаш ва шудгорлаш сифати техника воситаларини тўғри ишлатиш, механизаторлар ва фермерларнинг бу тадбирларга нечоғли масъулият билан қарашларига боғлиқ.