Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор берилмоқда. Тармоқда ислоҳотлар изчил амалга оширилиб, фермер хўжаликларининг ер майдонлари оптималлаштирилмоқда. Оптималлаштириш якунларига кўра, айни пайтда мамлакатимизда 101 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда.

Халқимиз дастурхони тўкинчилигини янада тўлароқ таъминлаш мақсадида истиқболда озиқ-овқат экинлари майдонларини кенгайтириш режалаштирилмоқда. 2020 йилгача пахта хомашёси етиштириш ва уни давлат томонидан харид қилиш ҳажмини 3 миллион 350 минг тоннадан 3 миллион тоннага босқичма-босқич қисқартириш кўзланмоқда.

Бунинг натижасида 170 минг 500 гектар суғориладиган ерларга дон ва дуккакли дон, сабзавот, картошка, мойли ва озуқа экинлари ва бошқа ўсимликлар экилади, боғ ва узумзорлар барпо этилади.

Экин майдонларининг оптималлаштирилиши ва замонавий агротехнологияларнинг жорий этилиши натижасида 2020 йилда бошоқли дон етиштиришни 16,4 фоизга ошириб, унинг ҳажмини 8 миллион 500 минг тоннага етказиш, картошка етиштиришни 35 фоизга, сабзавотни 30 фоизга, мева ва узумни 21,5 фоиз, гўшт етиштиришни 26,2 фоизга, сутни 47,3 фоиз, тухумни – 74,5 фоизга кўпайтириш, балиқ етиштиришни 2,5 мартага ошириш кўзда тутилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жорий йилнинг 15 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида тўхталиб ўтди.

 

“Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, шундай ҳажмдаги етиштириладиган пахта ҳосили, бир томондан, хомашёни ўзимизда чуқур қайта ишлашни инобатга оладиган бўлсак, аввало, тўқимачилик ва енгил саноатнинг ана шу хомашёга бўлган эҳтиёжини нафақат тўла таъминлайди, балки Ўзбекистоннинг жаҳон бозорига пахта толаси ва ундан тайёрланадиган маҳсулотлар етказиб берадиган мамлакат сифатидаги мустаҳкам мавқеини сақлаб қолиш имконини ҳам беради”, - деди Юртбошимиз.