Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қошидаги Республика декоратив боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази олимлари, Глобал экологик жамғарма кичик грантлар дастури, Ўзбекистон фермерлар кенгаши ҳамда тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази вакиллари Фарғона водийси деҳқонлари билан учрашув ўтказишди. “Правда Востока” газетасида ёзилишича, Тошкентда фаолият юритиб келаётган олимлар ва ўрмоншунослар маҳаллий зироаткорларга агроўмончилик қишлоқ хўжалиги технологиялари ҳақида маълумот беришди.

“Чўл зонасидаги суғориладиган экин ерлари моҳиятан сунъий яратилган экотизим бўлиб, у ўзини-ўзи қўллаб-қувватлаб туриш салоҳиятига эга эмас ва шу боисдан экологик асосланган бошқарув ечимларига муҳтождир, - деди илмий-ишлаб чиқариш маркази ходими Евгений Ботман. – Мана шундай самарадор услублардан бири далаларни ҳимоя қилувчи ўрмонларни яратиш, яъни аграр ландшафтни ўрмон-аграрга айлантиришдир. Дарахтлар ва қишлоқ хўжалиги экинларини бир майдонда ўстириш агроўрмончилик деб аталиб, у хўжалик юритишнинг барқарор тизимини беради. Бу йўналиш ўз ичига бир қатор замонавий технология ва амалиётларни олади”.

 

Таъкидланишича, аграр ландшафтнинг ўрмон-аграр ландшафтга алмаштирилиши тупроқлар ҳосилдорлигини ошириш ва барқарорлаштиришга кўмак беради.